Юнусобод тумани собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бошланган.
Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати кўра, собиқ ҳоким билан бирга судланувчилар Ўлмас Мухамедсаидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси «Миллий PR-маркази» ДУК бош директори лавозимида ишлаган Шоҳруҳ Маликовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бўлиб ўтмоқда.
Мазкур жиноий иш Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислигида кўриб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабарига кўра, судланувчи Б.Абдусаматов Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддаси (пора олиш), Ў. Мухамедсаидов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари) орқали 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) ва Ш. Маликов Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.