Қашқадарё вилояти Миришкор туманида ички ишлар ходимлари олиб кетган фуқаро ўлик ҳолда қайтди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 11 ферваль куни туманда яшовчи 36 ёшли С.К. кўчада маст ҳолда қўни қўшнилар билан жанжаллашган. Шундан сўнг фуқаро А.К. ички ишларга мурожаат қилган. Воқеа жойига ходимлар етиб келган ва керакли расмиятчилик ишларини амалга оширгач ичкиликка ружу қўйган С.К.ни соат 23:40да Республика ихтисослаштирилган Наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилояти минтақавий филиалига олиб бориб, жойлаштирилган. Шундан сўнг фуқаронинг соғлиғи ёмонлашган ва 12 февраль куни соат 01:30да “Алкоголдан ўткир заҳарланиш оғир даражаси, аспирацион синдром, алкоголь комаси ўткир нафас етишмовчилиги II-III-даражаси, ўткир юрак қон томири етишмовчилиги II-даража” ташхиси билан ҳаётдан кўз юмган.
Бу бўйича ўрганиш олиб борилганда марҳумнинг танасида тан жароҳати ва бошқа жисмоний куч ишлатиш аломатлари аниқланмаган. Ҳозирда прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.