Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида шу йил 23 февраль куни соат 04:30 ларда милтиқ овози эшитилган. Бу ҳақдаEcoKomuz| Қарақалпақстан хабар қилди.
Маълум бўлишича, ушбу овоз туман Ўрмон хўжалигига ёндош ҳудудидан эшитилган. Шундан сўнг воқеа жойига резерват ходимлари етиб борган ва атрофда мотоцикл изи, қон излари, ариқдан тузоқ изларини ва ўша транспорт воситаси изи билан борилганда, 6 км узоқликда эса фермер хўжалиги даласи ёнидаги ариқ ичида бир дона эркак Бухоро буғусининг сўйиб олинган боши, оёқлари, териси ва ички аъзолари аниқланган.
Ҳуқуқ тартибот органлари томонидан олиб борилган қидирув натижасида мотоцикл изи туманда яшовчи 29 ёшли А.Ш.нинг уйига олиб борган. Уйга кирилганда эса ҳужжатсиз ов қуроли ва қон изи бўлган мотоцикл аниқланган. Кейинчалик фуқаро уйидан буғу шохини олиб чиқиб берган ва у ушбу ҳайвонни ўлдиргани маълум бўлган. Суриштирувлар натижасида у ушбу ишни шериги, 26 ёшли К.М билан содир этгани аниқланган. Айни вақтда мазкур ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.