Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Бешёғоч қишлоғида 30 октябрь куни содир бўлган қотилликнинг сабаби маълум бўлди.
Маълум бўлишича, Бешёғоч қишлоғида содир бўлган мазкур мудҳиш воқеага икки томон ўртасида ер талашиш сабаб бўлган. Ўзаро тортишув натижасида марҳумнинг ён қўшниси, 1998 йилда туғилган Ш.М. 15-умумтаълим мактаби директори, 1986 йилда туғилган Анвар Юнусовни бошига болта билан уриши оқибатида мактаб директори воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Мазкур қотиллик содир этилган вақтда Ш.М.нинг акаси, 1993 йилда туғилган М.М ҳам бўлган.
Марҳум Анвар Юнусов директорликдан ташқари «Акмал Бойназаров» фермер хўжалигида иш юритувчи бўлиб ҳам ишлаб келгани айтилмоқда.
— Анвар Юнусов ва Миркомил Шербоев (Ш.М ва М.М.нинг отаси) фермер хўжалигидаги ер учун бир неча йилдан буён ўзаро тортишиб келаётганди. Маҳалла икки томон ўртасидаги келишмовчиликни бартараф этиш мақсадида 2-3 маротаба уларни яраштириб қўйган. Шундан сўнг биз бу низога барҳам берилган деб юрардик, — дейди 15-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Яҳё Рўзиқулов. — Марҳум директорни ҳам, унинг ўлимига сабабчи бўлганларни ҳам ўзим ўқитганман. Ҳаммаси эсли-ҳушли болалар эди. Муаммони ўзаро келишув асосида ҳал қилса бўларди.
Маҳалла участка нозири Қуронбой Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, ер масаладаги келишмовчилик юзасидан иккала томон ҳам мурожаат қилмаган. Бироқ, жорий йилнинг июль—август ойларида Миркомил Шербоев маст ҳолатда марҳум Анвар Юнусовнинг уйига келиб жанжал қилган ва деразаларини синдириб кетган. Ушбу ҳолат юзасидан марҳумнинг рафиқаси участка нозирига мурожаат қилган. Шундан сўнг ҳолат ўрганилиб, Миркомил Шербоев маъмурий жавобгарликка тортилган ва энг кам иш ҳақининг 3 баробари миқдорида жарима ҳам тўлаган.
— Қотиллик содир бўлган куни Ургут туман ИИБ тезкор вакиллари билан воқеа жойини ўргандик. Ўрганишлар жараёнида Ш.М марҳумнинг бошига болта билан икки бор қаттиқ зарба берганлиги аниқланди, — дейди участка нозири. — Айни пайтда воқеа иштирокчилари туман ИИБга олиб кетилган. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Марҳум А.Юнусовнинг 3 нафар фарзанди бўлиб, декабрь ойида тўртинчи фарзанди ҳам дунёга келишини кутаётган бўлган. Қишлоқ аҳлининг таъкидлашича, директорнинг рафиқаси айбланувчиларнинг қариндоши бўлган. Воқеа содир бўлган куни жабрланувчилар (А.Юнусовнинг яқинлари) аччиқ устида айбланувчиларнинг молхонасига ўт ёқиб юборган.