2019 йил 17 апрелга ўтар кечаси Екатеринбург шаҳрининг қурилиш объектларидан бирида келиб чиқиши сурхондарёлик бўлган мамлакатимиз фуқаролари вафот этди. Бу ҳақда ”Халқ сўзи” маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, улар ёнғин ва газдан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлган. Консуллик маркази ҳалок бўлганлар ҳақида маълумотни ҳам тақдим этган:
- Менгтошев Шуҳрат Уралович, 22.08.1989 йилда туғилган;
- Қурбонов Акбарали Саидмуродович, 23.11.1995 йилда туғилган;
- Зиядуллаев Улуғбек Олимжонович, 18.11.1998 йилда туғилган;
- Чориев Исроил Равшанович, 18.10.1996 йилда туғилган.
Олинган маълумотларга кўра, ушбу ҳамюртларимиз 15 апрел куни Екатеринбург шаҳри Академик туманидаги қурилиш объектларидан бирига ишга кириш учун келишган.
Айни пайтда ваколатли органлари томонидан воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаш учун тергов олди тадбирлари бошланган.
Бош консулхона марҳум ҳамюртларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ва маълум қиладики, Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги Элчихонаси билан ҳамкорликда мазкур вазият назоратга олинган ҳамда вафот этганларнинг жасадларини ватанга қайтариш масаласи ҳал қилинмоқда.