Ижтимоий тармоқларда Cobalt автомобили «Ўзбекистон темир йўллари» поезди ҳаракатланаётган йўлни кесиб ўтгани акс этган видео тарқалган эди. Поезд ҳаракатидан олдин автомобиль йўли беркилганини кўрган ҳайдовчи шлагбаум ёнидан айланиб, поезд йўлини кесиб ўтган. Видеода сигнал чалиб келаётган поезд бир сониядан кейин ўша йўлдан ўтганини кўриш мумкин.
Фарғона вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, воқеа 2019 йилнинг 16 апрель куни Қўқон шаҳрида содир бўлган. Қайд этилишича, Қўқон–Қақир темир йўл бекатлари оралиғида жойлашган қўриқланадиган темир йўл кесишмасида Cobalt ва Nexia автомобиллари шлагбаум ёнидан айланиб, катта тезликда келаётган поезд йўлини кесиб ўтган.
Мазкур ҳолат бўйича олиб борилган суриштирувлар натижасида аниқланишича, Cobalt автомобили темир йўл кесишмасида ҳаракатланган вақтда уни Ўзбекистон тумани Қизилбоғ қишлоғида яшовчи М.Б. бошқарган. Nexia автомобили эса Ўзбекистон тумани Қизилбоғ қишлоғида яшовчи М.М. бошқарувида бўлган.
Ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларининг 118-банди ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 130-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
«Дарё»нинг маълум қилишича, Cobalt автомобили салонида бемор аёл бўлган. Ҳайдовчи уни зудлик билан шифохонага етказиш ниятида ўзи ва йўловчилари ҳаётини хавф остига қўйиб, бу таваккалчиликка қўл урган.