Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан эркакни самосуд қилган Бухоро вилояти давлат солиқ инспекцияси ходими бошчилигидаги жиноий гуруҳни қўлга олди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Тадбиркорлар 19 апрел куни фуқарони автомашинага ўтқазиб, ҳайдаб кетишган. Уни қурилиш майдончасига олиб келишган, жиноий гуруҳ аъзолари унга руҳий босим ўтказиб, бир неча марта уришган.
Бошқарма маълумотларига кўра, эркак дўконларда харидорларга чек бермайдиган ва солиқ тўлашдан бўйин товлаётган тадбиркорлар ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига маълумот юборган. Текширув давомида калтаклаш ташаббускори солиқ инспекцияси ходими эканлиги маълум бўлди.
Қайд этилишича, гуруҳ аъзолари жиноят жойида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 137-моддаси (ўғирлаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.