Депутатлар, бошланғич партия ташкилоти аъзолари, жамият ишчи-ходимлари иштирок этган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувидаги нутқи ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
- Конституциявий ислоҳотлар давр талаби бўлибгина қолмасдан, миллати, дини, эътиқодидан қатъи назар Ўзбекистонда яшаётган барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, энг асосий ҳаёт тамойилига айланаётган “инсон қадри учун” деган эзгу ғояни амалда қарор топтиришга қаратилганлигини алоҳида таъкидлашни истардим, - деди партия етакчиси. - Охирги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, жумладан инсон ҳуқуқларини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, давлат органларини ҳақиқий халқ хизматчилари тизимига айлантириш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг ҳам либераллаштириш сиёсатини олиб бориши натижасида Янги Ўзбекистонимизда парламентнинг ваколати кенгаймоқда, айниқса, ҳукумат соати деган институтнинг пайдо бўлиб, парламент, депутатларимизнинг роли ортиб бормоқда. Ҳар ойда бир маротаба энг долзарб масалалар бўйича депутатлар, партиялар ва уларнинг фракцияларини қизиқтирган саволлар бўйича ҳукумат ҳисоботини эшитаётганлиги бунинг яққол далилидир.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси томонидан “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда Конституциямизни такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этиши таъкидлаб ўтилди. Бир сўз билан айтганда, Бош қомусимизга ўзгаришлар киритиш мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни янада жадаллаштиришда, уни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратишда муҳим аҳамият касб этаётганлиги бугунги кун талабидир.
Йиғилишда сўзга чиққанлар мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ва изчил демократик ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маънавий-маданий асослари яратилганлиги боис жамиятимизнинг қиёфаси шиддат билан ўзгараётганлиги, “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда кучли фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгиланганлигини ислоҳотлар самарасида яққол намоён эканини мамнуният ила эътироф этдилар.
Таъкидландики, OʼzLiDeP фракцияси аъзолари томонидан илгари сурилган мазкур ташаббуслар партиянинг мақсад ва вазифалари ҳамда сайловолди дастурларига ҳамоҳанг экинлигини, Бош қомусимизни такомиллаштириш бўйича илгари сурилаётган таклифларни депутатлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ва халқимиз бирлашган ҳолда қўллаб-қувватлаётганликлари, янгиланаётган Конституциямизда Ўзбекистан Республикаси Президентининг Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича ваколатларини Сенатга ўтказиш назарда тутилганлиги, коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги Фармонни ҳам Сенат томонидан тасдиқлаш тартиби белгиланганлиги, фуқароларнинг қонун ижодкорлиги жараёнида фаол иштирокини таъминлаш мақсадида “сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар қонунчиликка оид таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритишга хақли” эканлиги кўзда тутилганлиги алоҳида аҳамият касб этади. Шунингдек, Конституциявий ўзгаришларни “Инсон қадри учун”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада юксалишига, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилгани ислоҳотларни қатъий давом эттириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиши айтиб ўтилди.
Учрашувдан сўнг OʼzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси жамият цехларида бўлиб, маҳсулот сифатини яхшилаш мақсадида ишлаб чиқариш модернизациялаш ва замонавийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Цехларда меҳнат қилаётган партия фаоллари бўлган ишчи-ходимлар билан мулоқот чоғида Қонунчиликдаги янгиланиш ва ўзгаришлар ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири
“ХХI asr” мухбири