Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан яратилди...
Дунё тажрибасидан маълумки, тараққиётнинг йўллари, усуллари кўп. Кимдир ишни иқтисодиётни кўтаришдан бошлайди. Биров қишлоқ хўжалигига эътибор қаратади. Тадбиркорликни ривожлантиришни устувор, деб билади. Мантиқан олиб қараганда ҳаммаси ҳам тўғри. Лекин...
Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувига келиши билан аввало, таълим тизимига эътибор қаратди. Ўзбекистон раҳбари мактабгача таълим муассасасидан тортиб, мактабгача, ўрта махсус таълимдан то олий таълимгача, ЎзРФА тасарруфидаги илмий текшириш институтларигача тўлиқ қамраб олинган маърифий концепция яратди.
2016 йилда Президент Шавкат Мирзиёевга қандай таълим тизими мерос қолган эди? Бутунлай тугатилган болалар боғчалари, таназзулга юз тутган мактаблар, самарасиз касб-ҳунар коллежлари, қисқаришлар, нотўғри ислоҳотлар натижасида мажруҳ ҳолатга келган университет ва институтлар, ёпилган илмий текшириш институтлари, кўчага қувилган олимлар, мамлакатда энг кам маош олувчи профессор-ўқитувчилар, мажбурий меҳнатдан силласи қуриган ўқувчилар, ўқитувчилар, домлалар, талабалар, абгор аҳволга келиб қолган таълим даргоҳлари ва халқимизнинг йўқолган ишончи...
Энг аввало, бу муаммоларни ечиш учун жуда катта маблағ керак эди. 1-2-3...йилларда самара бермайдиган, иқтисодчилар тили билан айтганда қайтмайдиган миллиардлар, триллионлар ҳақида гап бормоқда.
Лекин Президентимиз қўрқмади. Орқага чекинмади. Таълим тизимини ислоҳ этиш бирламчилик, устуворлик касб этди. Тўғри ислоҳотлар ҳамма соҳада бошланди. Бироқ бош масала таълим бўлиб қолаверди.
Президент биларди. Тушунарди, Чуқур идрок этарди. Бундай заиф таълим тизими билан узоққа бориб бўлмасди. Шунинг учун Янги Ўзбекистон иморатининг таъмал тоши сифатида таълим тизими белгиланди ва қабул қилинди. Билимсиз одамлар билан янги жамият қурилмайди. Мабода қурилганда ҳам мустаҳкам бўлмайди. Узоқ йилларга хизмат қилмайди.
2018 йилда Самарқанд давлат университетига ташриф буюрган Нобель мукофоти лауреати, АҚШ нинг Каролина университети профессори Азиз Санжар мендан Ўзбекистонда олиб борилаётган таълим ислоҳотлари ҳақида сўради. Мен мактабларимиз, олий ўқув юртларида юз бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида гапириб бердим. У яна мактабгача таълим муассасалари билан қизиқди. Мен алоҳида эътибор қаратилаётганлигини Мактабгача таълим вазирлиги тузилганлигини айтдим.
-Президент Шавкат Мирзиёев олий даражада фикрлайдиган, узоқни кўра оладиган маърифатли инсон, энг муҳими халқини яхши кўрадиган давлат раҳбари ,-деди Азиз Санжар. -Биринчидан ислоҳотларни таълимдан бошлаганлиги фикримнинг тасдиғидир. Иккинчидан жуда кўпчилик таълим деганда мактабгача таълимни назаридан четда қолдиради. Аслида таълимнинг бош бўғини бу мактабгача таълим муассасаларидир. Мана шу ҳақиқатни англаб етмаганлар кутилган натижага эришолмайди. Президент Мирзиёевнинг таълимга бўлган эътиборини бутун дунё мамлакатлари раҳбарларига ўрнак қилиб кўрсатиш керак...
Мактаб ҳақида ўйлаганимда юрагим оғрирди. Муаллимларга, ўқувчиларга уларнинг ота-оналарига ачинардим. Нимага? Биринчидан биз мактаб таълимини иккига бўлиб, болаларимизни мажбурий равишда касб-ҳунар коллежларига ўқишга юбордик. Натижада ҳам таълимдан, ҳам тарбиядан ютқаздик. Президентимиз мактаб таълимини яна ўн бир йиллик синалган, яхши натижа берган услубига қайтарди.
Мактабларимиз моддий-техник базаси ҳақида гапирмаса ҳам бўларди. Муаллимлар ишни ташлаб хорижга бош олиб кетганди. Мактабларда фан ўқитувчилар етишмаслиги йилдан-йилга ортиб борди. Саводсизлик, билимсизлик авж олди. Мактаб муаллимларини мажбурий меҳнат қаддини эгди. Муаллимнинг жамиятдаги ўрни ва обрў-эътибори энг паст даражага тушиб кетганди.
Бир ўйлаб кўринга, ҳатто мустақиллик ҳам халқимизни мажбурий меҳнатдан қутқазолмади. Таълим тизими бунинг натижасида бутунлай барбод бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўқитувчи, домла, ўқувчи, талаба бўйнидаги мажбурий меҳнат деган бўйинтириқни, тавқиланъатни қаҳрамонларча олиб ташлади.
Аслида ҳақиқий истиқлол бу – болаларимизни, миллат муаллимини, олимини мажбурий меҳнатга жалб қилинмаслигидир. Биз бунга фақат мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йилидан сўнг, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кучли сиёсий иродаси туфайли эришдек.
Муаллимнинг маоши оширилди. Мактаблар аҳволи яхшиланди. Таълим тизимида бир бутунлик, якдиллик тамойиллари шаклланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев қаерга бормасин албатта, мактабларни кириб кўради, ўқитувчилар билан мулоқот қилади. Таълим соҳаси фидойиларини қўллаб-қувватлаш борасида жуда катта ишлар олиб борилмоқда. Абдурауф Фитратнинг “Ҳаёт йўлида биринчи масала мактаб масаласидир” деган сўзлари бугун ҳаётда ижобат бўлмоқда.
-Мактабда ишлаганимга салкам қирқ йил бўлди,-дейди Каттақўрғон туманидаги 17-ўрта мактаб директори, Халқ таълими аълочиси Ҳақиқат Ҳамроева.- Лекин кейинги беш-олти йилда бутунлай янги мактаб тизими яратилди. Ишонч билан масъулиятни ҳис этган ҳолда айтаманки, мамлакатимиз муаллимлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан рози ва миннатдор. Бугун муаллим ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Муаллимлик касбини мавқие ошди. Жамиятимизда муаллимларнинг ўрни ва роли тобора ортмоқда. Маърифий асосга қурилган ҳар қандий жамият мустаҳкам бўлади. Авлодларга хизмат қилади. Мактабимиз жамоаси таълим даргоҳимизга 2003 йилда ўша пайтдаги Самарқанд вилояти раҳбари, Президентимиз Шавкат Мирзиёев келганлиги билан ҳақли равишда фахрланади.
Олий таълим соҳасида, яқин тарихимизда юз берган воқеаларни ўйласам даҳшатга тушаман. Йилдан-йилга қисқартирилган қабул квоталари, ишсиз қолган профессор-ўқитувчилар, қашшоқлашган, олган маоши тушлиги билан йўлкирасига етмайдиган олимлар, парокандаликка юз тутган илмий мактаблар, ёпиб юборилган илмий лабораториялар, чет элга бориб, ўқишга мажбур қилинган ёшлар, сарсон-саргардон ота-оналар, ҳувиллаб қолган таълим даргоҳлари кўз олдимдан бир-бир ўтади. Энг аламлиси бу воқеаларнинг истиқлол йилларида юз берганидир.
Олими хор бўлган мамлакат ҳеч қачон тараққий этмайди, ривожланмайди. Халқ рўшнолик кўрмайди. Буни яқин тарихимизда ўзимиз ҳис этдик, англадик.
2016 йилда Самарқанд давлат университетида талабалар сони 6000 дан зиёд эди. Беш йилда 30000 га яқинлашди. СамДУ да ўтган 60 йил мобайнида иккита бино қурилган бўлса, кейинги 3 йилда 11 та ўқув ва лабаратория бинолари , ётоқхоналар қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Мазкур иншоотлар асосан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилмоқда. Бунга изн берилганлигини ҳамда молиявий имконият туғилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.
Бугунги кунда университетимизнинг иккита Каттақўрғон ва Ургут филлиаллари мавжуд. Шунингдек, Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда Муҳандислик физикаси институтларига бу йил биринчи марта қабул эълон қилинди.
Бу Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлигига яққол далил бўла олади.
Президентимиз олий таълимни халққа тобора яқинлаштириш ғоясини илгари сурмоқда. Нимага? Чунки ўқишга йўл берилмаган, имконият қолдирилмаган ёшларга келажак ҳақида гапириш ноўрин. Ўтган даврда бу борада қўпол хатога йўл қўйилган эди. Бугун мамлакатимиз олий ўқув юртларининг сони бир бараварга кўпайигани ҳам фикримизнинг тасдиғи бўла олади.
-Қардош Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган Учинчи Ренессансни барпо қилиш ҳаракатини қўллаб-қувватлайман, - дейди Истанбул университети ректори профессор Маҳмут Ак. - Ўзбекистон жаҳоннинг энг улуғ алломалари Ватани. Илм-фан Ватани. Бутун турк дунёси фахрланадиган замин. Мен Ўзбекистонда илм-фанга берилаётган эътибор ўз натижасини тез кўрсатишига ишонаман. Ўзбекистон яқин вақт ичида Турк оламининг илм-фан марказига айланишига шубҳа йўқ. Бунга тўлиқ асослар бор. Буюк ўтмиш, маърифий келажак. Университетимиз Самарқанд давлат университети билан яқин, дўстона алоқада. Бизни жуда катта амалий ишлар кутмоқда...
2022 йил 20 июнь куни бўлиб ўтган Конституциявий комиссиянинг йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев янгиланаётган Конституциямизга инсон қадр-қимматини янада юксалтирадиган, бир қатор таклифларни илгари сурди. Уларни тинглаб, таҳлил этиб, шундай бир фикрга келдим. Янгиланаётган Конституциямиз ўз навбатида ҳалигача шаклланмаган, бир тўхтамга келинмаган Миллий ғоямизга ҳам асос бўлиб, хизмат қилади, деб ўйлайман. Ўз навбатида бу Президентимиз пойдеворини яратаётган Учинчи Ренессанснинг ҳуқуқий ғоявий, мафкуравий асоси бўлиб ҳам хизмат қилади, деб ҳисоблайман.
Президент илм-фанни қадрлайдиган, олимларни эъзозлайдиган мамлакатда маърифий жамият шаклланади. Ватанпарвар, миллатпарвар ёшлар камолга етади. Тарих эъзозланади, бугун бунёд этилади, келажакка ишонч мустаҳкамланади.
Ўзбекистон ўтмишда ҳам улуғ олимлари уларнинг бой мероси билан дунёни ҳайратга солган. Бугун ҳам билимимиз, истеъдодимиз билан оламни забт этаман. Бунинг учун барча имконият ва шароитлар мужассам.
Шу ўринда қуйидаги маълумотларни келтириб ўтмоқчиман:
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2022-2023 йилларда олий таълим ташкилотлари томонидан янги ишланма ва технологияларни яратиш ва жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш дастуридан Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчиларининг 10 миллиард 742 миллион сўмлик 18 та лойиҳаси ўрин олди.
Мазкур ҳужжатнинг 2023-2026 йилларда олий таълим муассасалари томонидан амалга ошириладиган "драйвер" инновацион лойиҳалар рўйхатига Самарқанд давлат университети олимларининг 12 миллиард 200 миллион сўмлик 5 та инновацион лойиҳаси киритилди...
Қайси замонда шунча имконият, маблағ берилган...
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан яратилган маърифий концепция Ватанимиз, миллатимиз номини улуғлашига ишонаман.
Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори, профессор,
Олий Мажлис Сенати аъзоси