Минтақада хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида ташкилотнинг барқарорлаштирувчи роли кучайиб бормоқда. Бу Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туристик мажмуаси Конгресс марказида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида тўлиқ тасдиғини топди.
Учрашув ШҲТ фаолиятида янги саҳифа очди. Тарихий саммитнинг Самарқандда ўтказилиши рамзий маънога эга. Чунки Самарқанд қадим-қадимдан Шарқий Осиёдан то Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Европагача бўлган маконда яшайдиган халқлар ўртасида маънавий, иқтисодий, маданий ва илмий алмашувларнинг маркази бўлиб келган.
Ўз навбатида, ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ШҲТга тўртинчи раислиги якунларини қизғин, мазмунли ва натижага қаратилган жараён сифатида сарҳисоб қилган ҳолда, Янги Ўзбекистон дипломатияси модели муваффақиятининг яққол намойиши бўлди.
Мамлакатимиз ШҲТ доирасида ахборот-коммуникация технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги ва камбағалликни қисқартириш каби соҳалардаги ҳамкорликнинг янги формат ва механизмларини ишга туширди. Иқтисодиёт, саноат, инновациялар, туризм, соғлиқни сақлаш, халқ дипломатияси, гендер тенглиги ва аёллар тадбиркорлигини илгари суриш борасидаги долзарб масалалар бўйича форумлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар ўтказилди.
Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги давридаги фаолияти кўламини бу вақтда 80 дан ортиқ йирик тадбир ўтказилгани, шунингдек, пандемиянинг мураккаб оқибатлари ва янги хавф-хатарларга қарамай, белгиланган режаси тўлиқ бажарилганида ҳам кўриш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, саммитда имзолаш учун салмоқли ҳужжатлар тўплами – 40 дан зиёд битим ва қарорлар тақдим этилди. Уларда ШҲТ давлатларининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, савдо каби энг муҳим ва истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилишга доир умумий ёндашувлари акс этган. Буларнинг барчаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида кўриб чиқилди.
Самарқанд саммитида давлат раҳбарлари ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар, минтақада юзага келаётган сиёсий ва иқтисодий вазиятни ҳисобга олган ҳолда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Ушбу нуфузли анжуманда Президентимиз яқин йилларда ҳамкорликнинг асосий йўналишларидаги устувор вазифаларни ҳал этишга доир аниқ таклиф ва амалий ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, ШҲТ фаолиятини бугунги воқеликка мослаштириш, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик қилиш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, экология масалалари, маданий-гуманитар алоқаларга тўхталиб ўтилди. Хавфсизлик муаммолари ва Афғонистондаги вазиятни тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбарининг ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш тўғрисидаги ташаббусини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу дастурий ҳужжат кўп қиррали ҳамкорликнинг барча жабҳаларини қамраб олиш, ШҲТни узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беришга қаратилган.
Назаримда иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш, ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини йўлга қўйиш, Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказиш, аъзо мамлакатларнинг махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш, ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказиш ва унинг негизида ягона электрон платформа яратиш таклифлари принципиал аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Президентининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклифи ҳам ғоятда муҳим. Айниқса, саммит доирасида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши тўғрисида уч томонлама битим имзолангани тарихий воқеа бўлди. Энди стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа – “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш ҳам муҳим саналади. Унинг амалга оширилиши Жанубий Осиё денгиз портларига тўғридан-тўғри ва тежамкор чиқиш ва савдо ҳажмини ошириш имкониятини беради.
Булар ҳали ҳаммаси эмас. ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний ҳужжати бўлди. Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган.
Имзоланган ҳужжатлар орасида “ШҲТда минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси”, “ШҲТ мамлакатларининг ишбилармон доиралари ўртасидаги саноат кооперациясини рағбатлантириш дастури” ва “ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича концепцияси” каби иқтисодий йўналишдаги истиқболли чора-тадбирлар ҳам назарда тутилганини алоҳида таъкидлашни истар эдик.
Савдо, саноат кооперацияси ва транспортни ривожлантириш келгусида ШҲТ маконида ҳамкорликни кучайтиришнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Бу Ташкилотнинг улкан иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имконини яратади. Зотан, ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳанузгача ушбу давлатларнинг умумий ташқи савдо айланмасининг атиги 10 фоизини – 7,5 триллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Ишбилармон доиралар ўртасидаги саноат кооперациясини фаоллаштириш ва рағбатлантириш ҳам истиқболли саналади.
Глобал қиймат занжирини яратиш товарлар билан савдо қилиш ўрнига, уларнинг таркибий қисмларини айирбошлаш орқали рақобат устунлигига эришишга хизмат қилади. Бу ШҲТ тадбиркорларига ташқи бозорларда фаол рақобат қилиш ва ички бозорни қўшимча қийматга эга юқори сифатли маҳсулот билан тўлдириш имконини беради, деб ҳисоблаймиз.
Ушбу тарихий саммит ШҲТ ривожига самарқандча импульс бердики, минтақавий тузилманинг истиқболи ва аъзо мамлакатлар тараққиёти анжуманда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича баҳамжиҳат ва самарали ишлашга кўп жиҳатдан боғлиқдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини илгари суриб, бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашувлар ва қарорларни излашга тайёр, “Самарқанд руҳи” тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб қилишга даъват этди.
Ҳеч шубҳасиз, ШҲТнинг Самарқанд саммити доирасида қабул қилинган қарорлар, билдирилган таклифлар аъзо давлатлар тараққиёти ва фаровонлигини юксалтириш, минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш йўлида Ташкилотни янги ривожланиш марралари сари йўллайди.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари.