Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги XI мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда партиянинг 2022 йил ўтган даврдаги фаолияти якунлари ҳамда “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлат дастури”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда O'zLiDePнинг иштироки билан боғлиқ ишларнинг бориши муҳокама қилинди.
Йиғилиш аввалида O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов партиянинг 19 йиллиги билан табриклаб, самимий тилакларини изҳор этди.
Ўтган бу вақт мобайнида O'zLiDeP ўз тараққиёт йўлидан изчил илдамлаб, юксалиш палласига кирди, салмоқли сиёсий тажрибага эга бўлди. Партия ҳозирда ўз ривожининг янги сифат босқичида турибди. Бу, аввало, партия сафининг кенгайиши ва партиянинг ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланишида ҳам яққол намоён бўляпти. Бугунги кунда партиянинг 1 миллион 200 мингдан зиёд аъзоси бўлиб, қарийб 14 мингта бошланғич партия ташкилотини бирлаштириб турган етакчи сиёсий кучга айланди. Шунингдек партия парламентда ва жойлардаги ҳокимият вакиллик органларида ҳам энг кўп депутатлик ўрнига эга. Бу рақамлар партиянинг интилишлари зое кетмаганидан, O'zLiDePнинг халқ орасида нуфузи ортиб, ижтимоий базаси узлуксиз кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Йиғилишда партиянинг ўтган фаолият даврини сарҳисоб қилиш баробарида, кейинги режаларни белгилаб олиш масалаларига эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, партия ўз дастурий вазифаларига содиқ қолган ҳолда фаолиятини “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида ташкил этяпти. Хусусан, партиянинг Сайловолди дастурида илгари сурилган 205 та банд ижроси Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилиниши, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши ҳамда давлат дастурларига киритилиши орқали таъминланиб, бу борада парламент, депутатлик ва жамоатчилик назорати тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда.
Бугунги кунда партиянинг Сайловолди дастуридаги 161 та банд ижроси тўлиқ таъминланди, 10 та банд ижроси қисман таъминланган, 59 та банд ҳозирги кунда бажарилмоқда ва 3 та банд ижроси келгуси йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган.
Масалан, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари ташаббуси билан “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги ва “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар ишлаб чиқилди. Бизнес юритишга оид қонун хужжатларини ўзида мужассам этган “Тадбиркорлик кодекси” лойиҳаси тегишли вазирлик, идоралар, партия фаоллари, соҳа мутахассислари ҳамда экспертлар билан ҳамкорликда ишлар олиб бориляпти.
Яна бир муҳим масала мамлакатимиз ҳаёти, келажагига дахлдор бўлган Конституцияни такомиллаштириш жараёни билан боғлиқ тарғибот ишларида ҳам O'zLiDePнинг барча даражадаги кенгашлари ва бошланғич ташкилотлари, депутатлар, фаоллар билан биргаликда фаол иштирок этди, тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиб, таклифлар олиш ишларини амалга оширди.
Ҳисобот даврида Конституция ислоҳ қилинишига бағишланган 7 минг 22 та тадбирлар ўтказилиб, уларда қарийб 275 мингга яқин киши қатнашганини ҳам қайд этиш зарур. Тадбирлар давомида 8 мингдан ортиқ таклифлар билдирилган бўлиб, партия ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан 5 мингдан ортиқ таклиф Республика партия ишчи гуруҳига юборилган. Мазкур таклифларнинг 2 719 таси Конституциявий комиссияга киритилди. Таъкидлаш жоизки, Конституявий ўзгартиришлар бўйича қонун лойиҳасининг халқ вакилларининг фикрини инобатга олган ҳолда референдумга олиб чиқилганидан сўнг партия мазкур босқичда ҳам фаол иштирок этади.
Йиғилишда Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясидаги вазифаларни амалга оширишга қаратилган O'zLiDePнинг чора-тадбирлар режаси ижроси ҳам танқидий-таҳлилий сарҳисоб қилинди.
Партия Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари, партия ходимларидан иборат 21 та Республика ишчи гуруҳи ҳамда 315 та ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилган бўлиб, жамоатчилик ва депутатлик назорати бўйича 1900 дан ортиқ давра суҳбатлари, эшитувлар, амалий семинарлар ўтказилди.
Партия ишчи гуруҳлари томонидан ҳудудлар кесимида жойларда тадбиркорлик (оилавий тадбиркорлик)ни ривожлантириш, 200 та янги саноат зоналарини ташкил этиш, бизнес-инкубаторлар тизимини ривожлантириш, Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган омилларни ўрганиш, қишлоқ хўжалигига интенсив ривожланиш механизмлари, фермер ва деҳқонларнинг даромадларини ошириш йўлларини жорий қилишга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқиш, инвестицияларни жалб қилиш ҳолати устидан доимий мониторингни йўлга қўйиш йўналишлари бўйича ўрганишлар олиб борилди.
Унга кўра партияда ташкил қилинган “CALL-CENTER”га жами 353 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 260 таси тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш юзасидан бўлса, 93 таси бизнес муҳитини яхшилаш борасида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳисобига тўғри келади. Мазкур мурожаатлар тегишли вазирликларга жўнатилиб, ҳал қилиш чоралари тизимли олиб бориляпти.
Тараққиёт стратегиясининг ижтимоий соҳани амалга ошириш яъни хотин-қизлар ва ёшлар масаласи ҳам энг муҳим йўналишлардан бири саналади. Бу борада жойларда, айниқса энг чекка қишлоқларда “Бугуннинг тадбиркор аёли”, “Менинг бизнес ғоям”, “Намунали томорқачи аёл-фаровонлик бунёдкори!”, “Бир депутат - юз аёлга кўмакчи!”, “Мен ҳам тадбиркор бўламан” каби бир қатор партиявий лойиҳалар ҳамда тадбиркорлик субъектларига бизнес турлар ташкил қилинди. Бу орқали ишсиз хотин-қизлар, ёшлар турли касб-ҳунарларга ўқитилиб, ўз бизнесларини бошлашди ва бандлигини таъминлашга эришилди.
Бундан ташқари “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган фуқаролар билан тизимли ишлар ташкил қилиниб, бу борада мутасадди ташкилотлар раҳбарлари устидан жамоатчилик ва депутатлик назорати ўрнатилди.
Йиғилишда давлат бошқаруви, таълим, тиббиёт, маънавият ва умумбашарий муаммолар йўналишида ҳам партия ишчи гуруҳлари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Йиғилишда ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилган бу каби ижобий ишлари, ютуқлари билан бир қаторда камчиликлар, ҳали қилиниши лозим бўлган бир қатор устувор вазифалар турганлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда партия фаолиятига оид бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.