2022 йилнинг биринчи ярмида 92,8 миллион доллар Франция инвестициялари ўзлаштирилди.
Ўзбекистон мустақиллигига 30 йилдан сал ошган бўлса ҳам икки томонлама муносабатлар тарихий кўп асрлик мероси асосида ривожланиб келмоқда.
Франция Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган давлатдир. Янги тарихдаги дипломатик алоқалар эса 30 йил олдин ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати концепциясида Франция Республикаси билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатимиз дипломатиясининг устувор йўналиши сифатида эътироф этилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро манфаатдорлик ва ҳурматга асосланган дўстона муносабатлар жадал ривожланмоқда. Сўнгги 5 йил Ўзбекистон-Франция муносабатлари тарихидаги энг ёрқин даврлардан бўлди. Икки томонлама муносабатларнинг барча жабҳаларида самарали ҳамкорликни ривожлантиришда, албатта, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин муносабатлар, уларнинг мунтазам мулоқоти муҳим ўрин тутади.
Франция Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқида муҳим ҳамкорларидан биридир. Шу боис, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ойида Европага илк бор ташрифи айнан Франция Республикасидан бошлангани бежиз бўлмаган.
Ўзбекистон Президентининг Францияга бўлган навбатдаги ташрифи қизғин сиёсий ва маданий-гуманитар алоқалар, кенгаяётган савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳасидаги кенг кўламли ҳамкорлик фонида ташкил этилмоқда.
Икки давлат делегациялари ўртасидаги музокараларда Ўзбекистон-Франция ҳар томонлама ҳамкорликка юқори баҳо берилди. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошгани, замонавий саноат яратиш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича муваффақиятли амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларни мамнуният билан қайд этдилар.
“Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим”га мувофиқ, Ўзбекистоннинг Франция билан ўзаро савдосида энг қулай имтиёзли режими ўрнатилган.
Бундан ташқари, 2021 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Европа Иттифоқининг "Преференциялар бош тизими" (GSP+) бўйича бенефициар давлатига айланди. Бу эса Европа Иттифоқига, хусусан Францияга, ўзбек маҳсулотларини, жумладан, 6,2 мингта муҳим экспорт товарларини божсиз олиб кириш имконини беради ва мамлакатларимиз ўртасидаги савдони кўпайтириш учун қўшимча имкониятлар тақдим этади.
Буларнинг натижасида 2022 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги товар айирбошлаш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,6 фоизга ўсиб, 219,8 млн доллардан 232,2 млн долларгача етди, экспорт ҳажми 9 баробарга ошиб 7,7 млн доллардан 69,6 млн долларга ўсди. Импорт эса мос равишда 212,1 млн доллардан 162,5 млн долларгача, яъни 23,4 фоизга камайди, салбий салдо 204,4 млн доллардан 92,9 млн долларгача қисқарди.
Франциядан ўзлаштирилган инвестициялар
Ўзбекистоннинг Францияга экспорти кўпайтириш имкониятлари етарлича. Франция бозорига тўқимачилик маҳсулотлари, хусусан, тайёр кийим-кечак, мева ва сабзавотларнинг айрим турлари (қуритилган мевалар, ёнғоқлар, дуккаклилар), полимерлар, айрим турдаги маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмини ошириш, шунингдек, электротехника маҳсулотлари (мис сим, мис қувурлар) ва бошқаларни етказиб беришни ҳам кўпайтириш мумкин.
2017 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар Ўзбекистондаги француз капитали иштирокидаги корхоналар сони 3,5 баробарга ўсиб 13 тадан 46 тагача кўпайди (26 таси қўшма ва 20 таси 100 фоизлик француз корхоналари).
2021 йилнинг якунига кўра, Франциядан ўзлаштирилган инвестициялар ва кредитлар ҳажми 297,1 миллион долларни, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар – 70,9 миллион доллар ва кредитлар – 226,2 миллион долларни ташкил этди.
2022 йилнинг биринчи ярмида эса 92,8 миллион доллар Франция инвестициялари ўзлаштирилди.
Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик доирасида энергетика, сув таъминоти, чорвачилик, туризм инфратузилмаси ва бошқа соҳаларда қатор йирик лойиҳалар мавжуд. Булар Франциянинг «Эйрбас» (авиасозлик), «Тоталь» (нефть), «Винчи» ва «Буиг» (қурилиш), «Орано» (атом саноати), «Тоталь Эрен» (қайта тиланиш энергияси), «Веолия» (сув тозалаш, комунал хизмат, иссиқлик жиҳозлари), «Ранжис» (савдо), "Geismar" (темир йўл транспортини ривожлантириш), "Air Liquid" (саноат газларини ишлаб чиқариш объектларини қуриш ва улардан фойдаланиш) каби компаниялари билан амалга оширилмоқда.
Тўқимачилик саноатидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатларнинг кенг доирасини акс эттиради. Бугунги кунда “Ўзбектекстильсаноат” компанияси француз томони билан биргаликда ушбу йўналишда ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилиб, қўшма корхоналар ташкил этилмоқда.
Икки томонлама ҳамкорлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, боғдорчилик ҳамда уруғчилик, ўсимликлар карантини, маҳсулотлар хавфсизлиги ва сақланишини таъминлаш соҳаларида қўшма илмий изланишларни амалга ошириш каби йўналишларда ҳам муваффақиятли ривожланмоқда.
Франция машинасозлик, энергетика, кимё саноати, (жумладан, парфюмерия ва фармацевтика саноати), қишлоқ хўжалиги, (хусусан, виночилик), қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, шунингдек, туризм ва илм-фан каби соҳаларда жаҳонда етакчи мавқега эга. Франция билан ҳамкорлик эса Ўзбекистон иқтисодиётининг кўплаб тармоқлари учун ижобий таъсир кўсатади.
Ўзбекистоннинг ички бозори ва мамлакатимиздан учинчи давлатларга экспорт қилиш учун юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш учун француз инвестициялари ва технологияларини жалб қилиш икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидандир.
Ҳозирги кунда амалга оширилаётган "Францияни қайта тиклаш" (“France Relance”) режасини доирасида (100 млрд евро) Франциядан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ва фармацевтика (янги дори воситаларини яратиш), автомобилсозлик, электоротехника ва робототехника соҳаларига, энергетика секторини (АЕС) модернизация қилиш, экологик тоза маҳсулотлар ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни ошириш бўйича лойиҳаларга инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш мумкин. Шу мақсадларда Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига Франция ишбилармон доираларини кенгроқ жалб этиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Лувр музейида очиладиган ўзбек кўргазмалари
Франция ва ушбу мамлакат аҳолисининг Ўзбекистонга ва халқимиз маданиятига бўлган қизиқиши ҳурматга сазовор.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бўлажак ташрифи доирасида (2022 йил ноябрь) Париждаги Лувр музейида очиладиган «Марказий Осиё улуғворлиги. Ўзбекистон карвон йўлларида» ва Араб дунёси институтида ташкил этиладиган «Кафтанлар ва чопонлар» кўргазмаларининг кўлами французларнинг эътиборига сазовор бўлди.
Луврдаги кўргазма боис кўплаб музей меҳмонлари Ўзбекистонни таниб боришади, уларнинг сони йилига 10 миллионни ташкил этади ва бу нафақат Франция ва қўшни давлатлар аҳолиси бўлиб, Луврга ташриф буюрувчилар бутун дунёдан келган санъат ихлосмандларидир.
Мазкур кўргазма мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар тараққиёти кўрсаткичидир. Бу Ўзбекистон ва Франция ўртасида йўлга қўйилган маданий алоқаларнинг ажойиб намунасидир.
Айтиш жоизки, француз археологлари Ўзбекистон ҳудудида жуда жадал ишламоқда. Айниқса, кўргазма куратори бўлган машҳур археолог жаноб Рокко Ранте улар қаторидан жой олган. Бу эса яна бир бор мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Кўргазма орқали Франция жамоатчилиги Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан танишиб, Ўзбекистонимизнинг улуғ шаҳарларини зиёрат қилишни, карвон йўллари ўтган жойларни ўз кўзлари билан кўриш истагини билдирмоқдалар. Ушбу давлатнинг Ўзбекистондаги элчиси Орелия Бушез, йилига 20 минг нафар француз сайёҳлари мамлакатимизга ташриф буюради деб прогноз бермоқда. Лувр музейидаги кўргазма шарофати билан бу кўрсаткич бунданда юқори бўлади. Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони бўйича Европа давлатлари орасида Франция етакчи ўринда туради.
Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг ташрифи натижалари ва эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий муносабатларини янги босқичда янада юқори даражага кўтарилишига, фаол маданий-гуманитар ҳамкорликни бундан ҳам ривожланишига катта ҳиссаса қўшади ҳамда Ўзбекистонни барқарор тараққиётига хизмат қилади.
Афзал Артиков,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими