Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликда O‘zLiDeP ва “Ени Азербайжан” партиялари ўртасидаги алоқалар муҳим ҳисобланади. Икки партия ҳам ўз мамлакатининг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол жараёнлар марказида туради. Ўттиз йил мобайнида “Ени Азербайжан” партияси Ҳайдар Алиев раҳбарлигида асос солинган ғоялар йўлидан бормоқда. Илҳом Алиев йўлбошчилигида эса Озарбойжоннинг келажак муваффақиятлари кафолатига айланди.
Яқинда Боку шаҳрида бўлиб ўтган “Ени Азербайжан” партияси ташкил топганининг 30 йиллик юбилейида O‘zLiDeP делегацияси ҳам иштирок этди. Ўтган давр мобайнида “Ени Азербайжан” партияси замонавий демократик жараёнларга ҳамқадам равишда фаолиятини ривожлантириб борди. 2018 йили Илҳом Алиев президентликка қайта сайлангач, Озарбойжондаги модернизация ва янгиланишлар сиёсати бутунлай янги босқичга кўтарилди.
O‘zLiDeP кузатувларига кўра, “Ени Азербайжан” партияси тараққиётнинг янги йўналишлари фалсафасига мувофиқ такомиллаша бориб, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига уйғун равишда ўтказилаётган янги ислоҳотларнинг ажралмас қисмига айланди. Кўриб турибмизки, шу йиллар мобайнида партия замонавий давлат, кучли иқтисодиёт, юқори даражали ижтимоий фаровонлик каби тамойиллар асосида иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий юксалишни таъминлашда муҳим ўрин эгаллади.
Юбилей тадбирлари доирасида делегациямиз “Ени Азербайжан” партияси раиси, мамлакат раҳбари Илҳом Алиев билан учрашди. Учрашув аввалида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Хаитов Шавкат Мирзиёев ва ўз номидан Илҳом Алиевни “Ени Азербайжан” партиясининг 30 йиллиги билан самимий қутлади. Озарбойжон Президенти икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида гапириб, энергетика, транспорт, пахтачилик, ипакчилик ва бошқа соҳалардаги яқин алоқаларга алоҳида тўхталди. Томонлар O‘zLiDeP ва “Ени Азербайжан” партиялари ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини янада ошириш муҳимлигини таъкидлади. Бу борада аниқ йўналишлар белгилаб олинди.
Ўзбекистон – Озарбойжон ўртасидаги алоқалар тобора янги маъно касб этиб, моҳиятан иттифоқчилик табиатига эга бўлиб бормоқда. O‘zLiDeP ва “Ени Азербайжан” партияларининг ўзаро алоқалари ўзбек-озарбойжон ҳамкорлигини янада ривожлантиришга кўмак беради.
Сардор МАЛИКОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси котибияти мудири