Шу кунларда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари ўзлари сайланган округларида сайловчилар билан мулоқотлар ўтказяпти. Юзма-юз мулоқотларда депутатлар аҳоли томонидан билдирилган таклифларни, муаммоларни жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
12-Яланғоч сайлов округидан сайланган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Жамолиддин Мелибоев Мирзо Улуғбек туманидаги “Баҳор” ва “Катта Яланғоч ота” маҳаллаларида яшовчи фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда асосан хотин-қизларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш ва коммунал хизматлар кўрсатишдаги баъзи муаммолар борасида мурожаатлар қилинди. Шунингдек, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган қаровчиси бўлмаган ёки эҳтиёжманд аёллар, шунингдек, касалликка чалинган, дори-дармонга муҳтож оилалар, даволаниш учун етарлик маблағи бўлмаган ночор оилалар ўз мурожаатлари билан қатнашди.
Депутат ушбу йўналишдаги муаммоларни тинглар экан, қилинган барча мурожаатлар ўз ечимини топиш мақсадида Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги, туман соғлиқни сақлаш бошқармаси, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, мутасадди ташкилотлар вакиллари бевосита иштироки таъминланди.
Фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларнинг аксарияти жойида ечим топилган бўлса, муддат талаб қиладиган масалалар тегишли ташкилотлар орқали ҳал қилиш чоралари кўрилди.
Депутатнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.