Тинчликнинг аҳамияти ҳатто рақамларда ҳам намоён бўлмоқда

Тинчликнинг аҳамияти ҳатто рақамларда ҳам намоён бўлмоқда
Донишманд шоиримиз Алишер Навоий ўз асарлари орқали халқлар ўртасидаги дўстликни улуғлаб, инсоният орзу қилган тинчлик ғоясини тараннум этган, яхшилик, эзгуликни тарғиб қилган, бутун дунё халқларини ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга чорлаган. Пойтахтимизнинг гўзал ва хушманзара майдонига ўрнатилган Ҳазрат бобомиз ҳайкали гумбази ичида алломанинг зарҳал ҳарфлар билан битилган “Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш”, деган ўтли сатрлари инсониятга қаратилган ана шундай эзгу даъватдир.

Бу ҳикматли сўзлар Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган инсонпарварлик ғояларига бевосита ҳамоҳанг экани билан ғоят қадрли. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидаги “Энг бебаҳо олий неъмат — тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етайлик, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлайлик!”, деган ғоясида катта маъно бор. Мамлакатимизнинг тараққий этиши, дунё ҳамжамиятида ўз муносиб ўрнини эгаллаши учун, биринчи навбатда, тинчлик ва барқарорлик энг асосий шарт ҳисобланади. Дунё айвонида юз бераётган турли кўринишдаги хавотирли воқеалар, иқтисодий хавф-хатарлар шароитида бу омил янада муҳим аҳамият касб этяпти. Ҳозир жаҳон миқёсида жиддий геосиёсий вазият юзага келди, энергоресурслар тақчиллиги кучайиб, озиқовқатга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда, молиявий ресурслар тобора қимматлашяпти.

Давлатимиз фақатгина барқарорлик, ҳамжиҳатлик муҳитидагина юқори натижаларга эришдики, буларга яққол мисол сифатида қуйидаги далилларни келтириш мумкин:

— кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар натижасида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 80 миллиард АҚШ долларидан ошди;

— фақат 2022 йил мобайнида Ўзбекистон иқтисодиётига 8 миллиард тўғридан-тўғри хориж инвестициялари жалб қилинди;

— мамлакатнинг экспорт ҳажми 19 миллиард долларга етди.

Бу рақамлар ортида қанча заҳматли меҳнат ва ҳаракатлар ётибди. Уларнинг барчаси, биринчи навбатда, тинчликка асосланган шароитлар жараёнида амалга ошади. Масалан, 1990 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда чет элдаги ҳарбий зиддиятларнинг катта қисми (давлатлараро ва фуқаролик)нинг қиёсий таҳлили кўрсатдики, аҳоли жон бошига ЯИМ даражаси зиддият тугагандан кейин анча камайиб кетади. Бу кўрсаткичнинг пасайиш динамикаси 64,3 фоизгача етиши мумкин.

БМТ қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарининг маълумотига кўра, 2022 йил ўрталарига келиб нотинчлик, яъни таъқиб, тўқнашувлар, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва жамоат хавфсизлигини жиддий бузадиган воқеалар сабаб 100 миллиондан ортиқ инсон ўз юртини ташлаб, бошқа давлатларга кўчишга мажбур бўлган. Бу кўрсаткич 2021 йил якунига қараганда 15 фоизга кўп бўлиб, бошқача айтганда, дунёдаги ҳар 77 одамдан 1 нафари ўз яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлганидан далолат беради.

Шунингдек, турли тадқиқотларга кўра, сўнгги 3400 йиллик инсоният тарихида фақат 8 фоиз йиллик ҳаёт тинчликда, қолганлари эса нотинчлик шароитида кечган. Ўтган асрнинг ўзида урушларда 108 миллион инсон ҳалок бўлган. Бу салбий жараёнлар бизнинг даврда ҳам тинчимади. Бу мисоллар биздан огоҳликни талаб этади.

Зиддиятлар ички сармоядорлар каби ташқи инвесторларга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бу каби мураккаб вазиятнинг интенсивлигига боғлиқ равишда улар ўз маблағини узоқ хориж давлатларига олиб чиқиб кетади ёки яқин қўшни мамлакатларнинг ишлаб чиқариш қувватларига кўчиради. Айниқса, ички инвестициялар қуролли зиддиятларга ўта таъсирчан бўлган кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Қуролли тўқнашувларнинг бошланиши молиявий сармоялар каби ҳақиқий инвестицияларга ҳам дарҳол салбий таъсир қилади. Бу мамлакатдаги жамғарма бозорлари ва қимматбаҳо қоғозлар бозорлари дарҳол унинг таъсирини ҳис этиши, капитал қурилишга сармоя киритиш эса юқори хавф-хатарлар туфайли тўхтаб қолиши (айниқса, бундай инвестициялар жанговар ҳарбий ҳаракатлар кечаётган ҳудудларда бўлса) билан боғлиқ.

Шу билан бирга, инвесторлар келажакка ишончсизлик туфайли ишлаб чиқаришга сармоя киритишдан сақланади. Бунинг оқибати янада хатарли, яъни оммавий ишсизлик ва ўта кучли инфляция хавфи юқори бўлади. Хусусан, СьерраЛеонедаги қуролли тўқнашувлар доирасида миллий валюта девальвацияси фақат бир йилнинг ичида 92,8 фоиз, Жазоирда 92,3, Сербияда 83,7, Руандада 76,9, Бурундида 77,6, Яманда 70 фоизни ташкил этганини эслайлик.

Қуролли тўқнашувларнинг девальвацион таъсири бир қанча сабаблар мажмуи билан шартланадики, булар инфратузилманинг бузилиши, экспорт ҳажми ва тўғридан-тўғри хориж инвестицияларининг қисқариши, капиталнинг мамлакат чегарасидан чиқиб кетиши (бунга валюта бозоридаги банк тақчиллиги ҳам киради), савдо “қамал”лари, савдо-иқтисодий алоқалари бузилиши ва шу кабилар киради.

Инсонларнинг кўчиб кетиши ҳарбий ҳаракатлар туфайли бўлгани каби ижтимоий инфратузилма объектларининг бузилиши, ишчи ўринлари қисқариши, бизнес инфратузилмаси йўқ бўлиши оқибатида ҳам юз беради. Мажбурий миграция шароитларида маҳаллий хўжаликларнинг ўзлари учун маҳсулот ишлаб чиқариши ҳам тўхтайди. Бу ерда биз жамият зиддиятлилигининг циклик равишда ўсишини кўрамиз. Яъни дунё тажрибаси кўрсатишича, камбағаллик нафрат ва қирғинлар асосида янги тўқнашувлар юзага келишига сабаб бўлади. Бир томондан, қашшоқлик кўплаб инсонлар учун жанговар ҳаракатларда иштирок этиш ва қуролли тўқнашувлардан тирикчилик мақсадида пул ишлаш йўли сифатида фойдаланишга рағбат бўлиб хизмат қилади. Бошқа томондан эса инфратузилма бузилиши, тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлиши, демакки, боқувчининг йўқотилиши, қочқинлар пайдо бўлиши ва мамлакат ичида одамларнинг кўчиб юриши қашшоқликнинг ортишига олиб келади. Шу тарзда зиддиятлар пайдо бўлиши ва бу туфайли камбағалликнинг ортишида даврийлик мавжуд.

Бизнинг аждодларимиз ҳамиша юртда тинчлик барқарор бўлмоғини орзу қилган. Давлатимиз ҳар доим ҳар қандай кўринишдаги зўравонликларни — у ҳарбий бўладими, иқтисодий бўладими, зиддиятларни ёқламайди. Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака кўтарилади, деган халқона иборани бир эслайлик. Шунинг учун дунёдаги нохуш воқеаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, уларнинг барчасидан тўғри хулоса чиқармоғимиз лозим.

Ҳар бир инсон бу дунёда нима учун яшайди, орзу-умидлари қачон рўёбга чиқади? Қачонки, аввало, ўз оиласида, маҳалла-гузари, қишлоқ-овулида тинчлик бўлсагина, ҳаёти ширин, тотли бўлади. Демак, ҳар биримиз тинчлик энг олий неъмат бўлмоғи учун курашмоғимиз даркор.

Шу ўринда тинчлигимизни кафолатлашда туну кун ўзларининг ватанпарварлик бурчларини шараф билан адо этаётган, чегараларимиз дахлсизлиги ва тинч турмушимизни таъминлаётган Ватан ҳимоячиларини ҳам фахр билан тилга олмоғимиз керак. Масалан, “Global Firepower Index-2021” жаҳон армиялари рейтингида Ўзбекистон 140 та давлат ичида 54-ўринни эгаллаган.

Минг шукрки, юртимизда тинчлик ҳукмрон. Энг бебаҳо неъмат — осойишталигимиз қадрига етишимиз, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимиз бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлашимиз лозим. Президентимиз ҳам шу мақсадда ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият бериш кераклигини бежиз уқтирмади. Зеро, ёшлар турли ёт ғоялардан огоҳ бўлган ҳолда, сиёсий жараёнларга теран назар солишга тайёр бўлмоғи керак. Айниқса, ватанпарварлик қуруқ сўзда эмас, ҳар бир юртдошимизнинг турмуш тарзи, оила давраси ва ҳаёт мазмунини ташкил этиши зарур. Ушбу қадрият ёшликдан шакллантирилиши ва миллий, маънавий қадриятлар билан мустаҳкамланмоғи лозим.

Азамат СЕИТОВ,
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия
қўмитаси сектор мудири,
социология фанлари доктори

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » Тинчликнинг аҳамияти ҳатто рақамларда ҳам намоён бўлмоқда