Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида олий даражадаги тадбирлар – ушбу мамлакат Президенти Ҳалима Яқуб ва Бош вазири Ли Сянь Лун билан музокаралар бўлиб ўтди.
Президентлар икки томонлама учрашув ўтказдилар. Унда Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётни демократлаштириш борасидаги ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.
Сингапурнинг турли соҳаларни ривожлантириш борасидаги илғор тажрибаси Ўзбекистонда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис томонлар энг долзарб масалаларни муҳокама қилди.
Таълим соҳасида фаол ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди. Тошкентда Сингапур менежментни ривожлантириш институти ҳамда Сингапур технологиялар, менежмент ва коммуникациялар академияси муваффақиятли фаолият юритаётгани бунга ёрқин мисолдир.
Икки мамлакатнинг Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни кенгайтириш борасидаги тажрибаси икки томон учун ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ўзбекистон ва Сингапур халқаро майдонларда минтақавий барқарорлик ва изчил тараққиёт масалаларида бир-бирини англаши ва бу борадаги ташаббусларни илгари суришда ўзаро кўмаклашаётгани қайд этилди.
Учрашув якунида Президентлар ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олди.
Шавкат Мирзиёв Ҳалима Яқубни мамлакатимизга ташриф буюришга таклиф этди.
Сўнг давлатимиз раҳбари Сингапур Бош вазири Ли Сянь Лун билан музокара ўтказди.
Томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини ҳар томонлама кўриб чиқдилар, устувор йўналишлардаги алоқалар жадал суръат билан ривожланиб бораётганини таъкидладилар.
Шавкат Мирзиёев Сингапур билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг бешта асосий йўналишини кўрсатиб ўтди.
Биринчиси – инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш.
Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби иштирокида бошқарув, шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биргаликда давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурини амалга оширишга келишиб олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Давлат бошқаруви академияси негизида Сингапурнинг етакчи экспертларини жалб қилган ҳолда давлат хизматчиларини интенсив қайта тайёрлаш дастури ишга туширилади.
Иккинчи йўналиш Сингапурни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилишга қаратилган.
Шу маънода, музокараларда Сингапурнинг етакчи компаниялари илғор тажрибаси, замонавий технологиялари ва бошқарув усулларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг йирик корхоналарини хусусийлаштириш дорасидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва таркибий ўзгартириш, кейинчалик уларни IPOга чиқариш ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш учун қўшма Инвестиция жамғармасини тузиш таклиф қилинди.
Учинчи устувор йўналиш сифатида илғор “яшил” технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш белгиланди.
Сингапурнинг рақамлаштириш соҳасидаги ютуқларини жорий қилиш, шунингдек, ушбу мамлакатнинг “яшил” ривожланиш бўйича инновациялари ва технологияларини қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тўртинчиси – шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларни такомиллаштириш.
Шаҳарларни режалаштириш ва қурилиш, кўкаламзорлаштириш, коммунал хўжалик соҳаларида ҳамкорлик бўйича тадбирлар келишиб олинди.
Ўзбекистонда инфратузилма ва тармоқ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қўшма Лойиҳалаштириш ва инжиринг марказини ташкил этиш бўйича келишув бу борадаги биринчи қадам бўлди.
Бешинчиси – Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни илгари суриш орқали инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва ўзаро савдони кенгайтириш.
Шуниндек, устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди. Бундан ташқари, томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Шавкат Мирзиёев Ли Сянь Лунни мамлакатимизга ташриф буюришга таклиф этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сингапурга давлат ташрифи доирасида Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабига ташриф буюрди ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 8 та ҳужжат имзоланди.
Хусусан, таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, кадрлар, шу жумладан давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий шериклик ҳамда икки мамлакат прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.
Эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар икки томонлама алоқаларни самарали кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун кўплаб имкониятлар мавжудлигини намоён этди. Ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор. Ташриф доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръатларини оширишга пойдевор яратилди.
Сўнги йилларда Ўзбекистонда иқтисодий соҳада туб ўзгаришлар рўй бергани Сингапурнинг Ўзбекистонга эътибори ортиб, яқин алоқалар ўрнатилишида муҳим омил бўлмоқда. Бу Сингапур компанияларига Ўзбекистон бозорига эркин кириб, фаол тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш имконини берди.
ЎзЛиДеПда электоратимиз олдида бизнес ғояларимизни амалга ошириш, бизнес ҳамкорлар билан яқин алоқалар ўрнатиш, ўзаро савдони ташкил этиш каби кўплаб янги истиқбол ва имкониятлар мавжудлигини кўриб турибмиз. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар партиянинг Сайловолди платформаси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, фаолиятимизнинг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
O'zLiDeP фракцияси раҳбари.