Бу йилги қиш пойтахт аҳолиси учун ҳам анча синовли келгани, электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ, ичимлик суви каби энг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлар билан боғлиқ қатор масалалар юзага қалқиб чиққани рост. Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг “Оққўрғон тажрибаси” асосида Чилонзор ва Юнусобод туманларидаги фаолияти айни шундай оғир-мураккаб паллага тўғри келди.
Ўрганишларда икки туманнинг 50 та маҳалласидаги аксарият кўп қаватли уйлар-у ҳовлиларда электр, газ, иссиқлик, ичимлик суви таъминоти ва бошқа коммунал масалаларда муаммолар борлиги аниқланди. Узлуксиз ишлаган икки штабга бу борада қарийб 2 минг 900 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 2 минг 430 дан ортиғи ҳал қилиб берилди. Бу, бир томондан, Республика ишчи гуруҳи фаолияти кўлами ва қамрови қанчалик кенг бўлганини, иккинчи томондан, мазкур синовлар давлат идоралари ва халқимизни янада жипслаштирганини ҳам англатади.
Биргина Чилонзор туманида электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш учун 24 та трансформатор янгиланиб, 15,7 км. тармоқ тортилди, 5,9 км. паст кучланишли тармоқ эса таъмирланди. Айтайлик, туманнинг Хайробод маҳалласида 5 мингдан зиёд аҳоли яшаса, қорли кунларда маҳаллада тез-тез чироқ ўча бошлади, ҳатто улар маълум вақт чироқсиз ҳам қолиб кетди. Сабаби трансформаторнинг қуввати пастлиги, юклама ортиб кетгани билан боғлиқ. Ўрганишлардан сўнг мазкур муаммони ҳал қилиш учун Хайрободдаги эскирган 400 киловольт-амперли трансформатор бир ярим баравар катта қувватлисига алмаштирилди.
Худди шундай “1-Чарх Камолон” маҳалласида ҳам 250 киловольт-амперли трансформатор ҳам эскиргани, ҳам қуввати пастлиги учун ўзи тез-тез ишдан чиқар эди. Изғиринли кунларда юкламани буткул кўтара олмай қолган бу трансформаторнинг ҳам катта қувватлисига алмаштирилиши билан маҳалладаги хонадонларни электр энергияси билан барқарор таъминлаш имкони яратилди.
“Катта Қозирабод” маҳалласида эса 4 та янги трасформатор ўрнатилиб, 200 метр тармоқ янгиланиши билан 60 та хонадондаги чироқ ўчишларга барҳам берилди.
Юнусобод туманида эса электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни тезкор ҳал этиш учун 8 та мобиль бригада шакллантирилиб, қисқа вақтда кўп қаватли 516 та уй ва 17 минг 510 дан зиёд ҳовлилардаги чироқ ўчишлар билан боғлиқ масалалар ҳал қилиб берилди. Бу жараёнда трансформаторларнинг 3 таси янгиланди, 34 таси таъмирланди, 7,3 км. янги электр тармоғи тортилди. Дейлик, “Адолат” маҳалласида кўп қаватли 44 та уй, 100 га яқин ҳовли ва 4 та ижтимоий соҳа объекти бўлиб, бу ерда ҳам юклама кўпайиб кетиши оқибатида электр тармоқлари куйиб эриб кетади. Мурожаатлар асосида бу масала ҳам тезкорлик билан ҳал қилиниб, трасформатор таъмирланди, янги, замонавий юқори кучланишга бардошли электр тармоқлари тортилди.
Шунингдек, “Бўстон” маҳалласида ҳам юқори кучланиш оқибатида издан чиққан электр тармоқлари ва трасформаторлар реконструкция қилиб берилди. Бу билан маҳалладаги 600 га яқин хонадонда электр энергияси тикланди.
Қишда асосий неъмат – иссиқлик. Одамнинг уйи илимагунча кўнгли ҳам илимайди, ичига чироқ ёқса ёришмайди. Юнусободнинг Чинобод кўчасидаги кўп қаватли уйлардаги ўрганишларда ҳам шундай бўлди: аҳоли иситиш қувурлари музлаб, тизим носоз ҳолга келиб қолганидан шикоят қилишди. Мурожаатдан сўнг 2 қаватли 7 та уй, 108 та хонадон ва 960 ўринли ётоқхонани иситишга мўлжалланган замонавий энерготежамкор модул қозонхона ўрнатиб берилди. Бу билан нафақат бу хонадонларга, балки юзлаб одамлар кўнгилига ҳам илиқлик кирди.
“Аҳилобод” маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқларида юзага келган носозликлар бартараф этилиши билан кўп қаватли 2 та уйда яшовчи 100 га яқин хонадон мушкули осон бўлди. Бу жараёнда “Янгибоғ” маҳалласидаги иситиш тизимлари ҳам реконструкция қилинди.
Чилонзорнинг “Наққошлик” маҳалласида эса иссиқ сув қувурлари совуққа бардош беролмай ёрилиб кетган экан. Ўрганишлар натижасида бу масала ҳам жойида ҳал қилиниб, иссиқ сув таъминоти тикланди.
“Тирсакобод” маҳалласидаги кўп қаватли уйларни иссиқ ва совуқ сув билан таъминловчи магистрал қувурлар таъмирланиши билан бу ерда яшовчи 200 та хонадон ва мактабгача таълим ташкилотида ҳаёт яна ўз маромига тушди. Қувурлар таъмирлангунча аҳолига махсус техникаларда оби ҳаёт етказиб турилди.
Худди шундай мурожаатлар асосида “Зарқўрғон” маҳалласидаги кўп қаватли 5 та уйдаги 300 га яқин хонадонни сув билан таъминлашга мўлжалланган магистрал қувур таъмирлаб берилди. Бу каби амалий ишлар “Кўтарма” маҳалласида ҳам амалга оширилди. “Катта Хирмонтепа” маҳалласидаги 23-уй ертўласидаги қувурлар тўлиқ алмаштирилгач, 72 та хонадоннинг ичимлик суви, иссиқлик ва оқава сув тизимидаги муаммоларга барҳам берилди. “Ал Хоразмий” маҳалласидаги кўп қаватли иккита уйда эса муддатини ўтаб, носоз ҳолга келиб қолган лифтлар янгисига алмаштирилди.
Бу жараёнда ижтимоий соҳа объектлари, биринчи навбатда, таълим муассасаларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларидаги муаммолар босқичма-босқич ҳал қилиб берилмоқда. Айтайлик, Чилонзор туманидаги ҳар бир умумтаълим мактабидаги ўқув жараёни, муассасанинг иситиш тизими, муҳандислик-коммуникация ҳолати “Ситуацион марказ” тизими орқали онлайн кузатиб борилмоқда.
Шу билан бирга бу масалалар жойига чиқиб ҳам ўрганилмоқда. Жумладан, 264-мактабнинг иссиқлик тизими, ертўласидаги қувурлар ҳолати, синфхоналардаги ҳарорат ўрганилгач, айрим муаммолар бартараф этилгач, дарс жараёнларига рухсат этилди. Айни пайтда мактабда ўқиш учун етарли шароит бор, синфхоналарда иссиқлик маромида.
Умумлаштириб айтганда, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Чилонзор ва Юнусобод туманларида “Оққўрғон тажрибаси” асосида уйма-уй, хонадонма-хонадон ташкил қилинган сайёр қабулларида 3 минг 80 дан ортиқ масала кўриб чиқилиб, уларнинг 2 минг 670 дан зиёди ҳал қилинди, қолган мурожаатлар бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.