Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўзи сайланган округларда бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб, уларни ўйлантирган масалаларга ечимлар топмоқда.
Парламент қуйи палатаси депутати Ғайрат Абдиевнинг Ургут туманидаги учрашувлари қизғин ўтяпти. Мулоқотлар чоғида халқ вакили ҳар бир фуқаронинг таклиф-истаклари билан қизиқиб, уларни қийнаётган муаммоларга ижобий ечим топишга ҳаракат қилмоқда.
Депутат ўрганишлар чоғида “Urgut sanoat servis” оилавий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Маълум бўлишича, ёш тадбиркор Мажидхон Исломов “Urgut sanoat servis” оилавий корхонаси бошлиғи. У хорижга бориб, ишлаб, кўйлак ишлаб чиқаришни ўрганиб келган. Шу тарзда ўзининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, Ургутда биринчилардан бўлиб, эркаклар кўйлакларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Бугунги кунда 100 дан ортиқ ишчи, асосан ёшлар Туркия ва Хитойдан келтирилган ускуналар ёрдамида йилига 600 минг дона эркаклар кўйлагини ишлаб чиқармоқда. Айни пайтда корхонада “Ургутини” бренди остида ишлаб чиқарилаётган эркаклар кийимлари қўшни Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия давлатларига экспорт қилинмоқда.
Депутат тадбиркор билан суҳбатлашиб, тармоқни янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича таклиф ва тавсиялар берди.
Депутатнинг ҳудуддаги ўрганишлари давом этмоқда.