Давлатимиз раҳбари топшириғига мувофиқ тузилган Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини жадаллик билан Тошкент вилоятининг барча туманларида давом эттирмоқда. Ўрганишлар давомида аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича секторлар ва маҳаллалар кесимида “хонадонбай” иш олиб борилмоқда.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давомида алоҳида эътибор ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволда қолаётган аҳоли қатламига қаратилди ҳамда уларга амалий кўмак бериш пировард мақсад деб белгиланди.
Жумладан, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида тавсиялар асосида 463 нафар фуқарога 11,7 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди, 1 382 нафар фуқароларнинг бандлигига кўмаклашилди. Шундан, 494 нафар фуқаролар мавжуд бўш иш ўринларига доимий ишга жойлаштирилди, 398 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, 490 нафар фуқаролар касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун ўқитилди.
Аҳоли саломатлигини яхшилаш масалари ҳам Республика ишчи гуруҳи эътибор марказида бўлди. Жумладан, 106 303 нафар фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 4 868 нафари туман, шаҳар, 1 202 нафари вилоят шифохоналарига ётқизилиб даволанмоқда, 149 нафарида туман, шаҳар, 113 нафарида вилоят даражасида жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Ижтимоий соҳа объектлари атрофлича ҳам ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўртачирчиқ, Тошкент туманларидаги 5 та мактабга 10-25 кВт қувватли қуёш панеллари ажратилди, Тошкент туманидаги 3 та умумтаълим мактаблари дарс жараёнида фойдаланиш учун 3 та интерактив доскалар билан таъминланди. Ўртачирчиқ, Тошкент туманларидаги умумтаълим мактабларига “Китоб марафони” тадбирлари доирасида жами 1 400 дона бадиий адабиётлар тақдим этилди, Олмалиқ шаҳар спорт мактабига 11 турдаги спорт жиҳозлари тақдим этилди.Уйда таълим олаётган 30 нафар ўқувчилар ҳолидан хабар олиниб, уларга эсдалик совғалар топширилди.
Аҳоли пунктларида ижтимоий инфратузилма холатини яхшилаш мақсадида, 42,4 км йўл таъмирланди. Шундан, 19,8 км ички йўлларга асфальт ётқизилди, 4,7 км йўл бетонлаштирилди, 17,9 км йўл шағаллаштирилди. Бундан ташқари, 1 256 та темир-бетон таянчлар, 4 та трансформатор ўрнатилди, 41,3 км электр тармоғи тортилмоқда. Натижада 43 та маҳаллаларда электр таъминоти яхшиланди.
Жойларда 114,2 км янги ичимлик суви тармоғи тотилди. Аҳоли мурожаатлари асосида 1 та сув иншооти трансформатори ва 5 та насос ускунаси алмаштирилди, 1 та сув минораси ўрнатилди, 1 та сув қудуғи қазилди.
Республика ишчи гуруҳ фаолияти давом этмоқда.