Президентимизнинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда мамлакатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида белгиланган вазифаларга мувофиқ аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, таълим сифатини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга оид фармон қабул қилинди.
“Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури 7 та йўналиш, 303 та банд ва 100 та мақсаддан иборат бўлиб, ушбу мақсадларга умумий қиймати 54 триллион сўм ва 15 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Жумладан, фармонда халқимизнинг оғирини енгил қилиш, аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратиш ва уларнинг харажатларини тежаш мақсадида, 2023 йил 1 июлдан барча давлат органлари ва ташкилотларида аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлари белгиланди.
Вазирлар ва бошқа мустақил ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари 15 кун муддатда ўз тизимида масофадан туриб, шу жумладан, мобил иловалар орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини кўпайтириш, ундириладиган тўловлар миқдорини камайтириш, талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш, кўриб чиқиш жараёнлари ва муддатларини кескин қисқартириш, шаффофликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлар билан доимий мулоқот майдончаларини ташкил этиш, ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ўқитиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлаб, аҳоли ва тадбиркорларга эълон қилиши алоҳида белгилаб ўтилди.
Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар босқичма-босқич “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформа” сига ўтказилсин ҳамда субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини электрон платформа орқали онлайн текшириш тизимини йўлга қўйиш орқали субсидиялар ажратиш тўғрисидаги аризаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёки исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали топшириш имкониятини яратиш ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқлар ва бошқа коррупциявий омилларни бартараф этишга оид аниқ манзилли ишлар белгилаб берилди.
Давлат дастурида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида 2023 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатилишига оид кўрсатма берилди.
Жумладан, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ҳамкорликда бир ой муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни маъмурий юрисдикцияга ўтказиш орқали бекор қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш назарда тутилган.
Давлат дастурида аҳолини ва тадбиркорлик субъектларини узлуксиз равишда табиий газ ва электр энергиясига бўлган талабини қондириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш тизимини жорий қилиш учун шароит яратиш мақсадида қуввати 20 кВт ва ундан паст бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларини паст (0,23-0,4 кВ) кучланишли электр тармоқларига улаш учун техник шарт олиш талаб этилмаслиги белгиланмоқда. Ушбу тартиб ишга тушгандан сўнг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатмоқчи бўлган жисмоний шахсларга қулайлик яратилади.
Шу билан бир қаторда, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб йиллик ҳажми икки минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки бир минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғисига тенг энергия ресурсларини сарфлайдиган ташкилотлар учун ўз энергия истеъмолининг камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия ҳисобига таъминлаш мажбурияти юклатилмоқда. Натижада, 2023–2026 йиллар давомида иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини истеъмол қилаётган 25 та йирик корхона ва ташкилотнинг умумий истеъмол ҳажми 4 миллиард кВт.соат ташкил этиши инобатга олинган ҳолда, ушбу ташкилотлар ўз истеъмолини камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалар ҳисобидан таъминлаши орқали камида 1,2 миллиард кВт.соат электр энергияси тежалишига эришилади.
Бу эса, ўз-ўзидан йирик корхоналарнинг марказий электр тармоқларига бўлган босимини камайтириб, тежаб қолинган электр энергиясини минглаб хонадонларга етказиб бериш ёки аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган янги лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
Умуман олганда Давлат дастурида белгиланаётган барча мақсад ва чора-тадбирларнинг ҳар бирини ўз вақтида ва самарали ҳаётимизга тадбиқ этилишига барчамиз, шу жумладан O’zLiDeP фаол аъзолари, депутатлар ва зиёли қатлам вакиллари бирдек масъулмиз.
Обиджон Ҳамидов,
O’zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши раиси,
Бухоро Давлат университети ректори,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.