Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган “Бу менинг танловим – бу менинг Конституциям!” шиори остидаги йирик тарғибот тадбири Тошкент вилоятининг сўлим масканларидан бири – Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройи ҳовлисида байрамона ва кўтаринки руҳда ўтди.
Очиқ осмон остида ўтган тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов, Сенат аъзоси Маҳмуд Тоир, парламент қуйи палатаси депутатлари Дилбар Усманова, Атхам Назирқулов, Нодирбек Абдувалиев ва маҳаллий кенгаш депутатлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод, “Maxam chirchiq” АЖ бошқарув раиси Ҳотам Сайидаҳмедов, Чирчиқ давлат Педагогика университети ректори Ғафуржон Муҳаммедов, кенг жамоатчилик вакиллари, илм-фан ва маданият арбоблари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этишди.
Иштирокчилар қўлларига “Сеники”, “Меники”, “Бизники”, “Конституция – ўзимизники!”, “Бу менинг танловим – менинг Конституциям!”, “Биз эркинлик учун овоз берамиз!” ёзувлари туширилган ранг-баранг плакатлар, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми – 2023” ёзуви акс этган оқ рангли байроқларни кўтариб чиқишди.
Тадбирни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов очиб берар экан, янгиланаётган Конституциянинг асл мазмун-моҳияти Ўзбекистонни янада барқарор ривожлантиришга қаратилгани ҳақида сўзлади. Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширилиши халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишига пухта замин яратишини қайд этди. Янгиланаётган қомус бевосита халқ томонидан қабул қилинадиган биринчи ҳуқуқий ҳужжат эканини, референдумдаги ҳар бир овоз катта аҳамиятга эга бўлишини алоҳида уқтирди.
Бугун халқимиз томонидан жамиятимизда юз бераётган ўзгаришларга мутаносиб ҳолда яратилаётган Бош Қомусимиз эртанги янада осуда, обод ва фаровон ҳаётимизнинг ишончли кафолати бўлишини таъкидлади.
Сенатор, Ўзбекистон халқ шоири Махмуд Тоир эса янги таҳрирдаги Қомус халқчил Конституция сифатида дунё юзини кўраётгани хусусидаги ўз мулоҳазаларини билдирди. Бугун дунё мамлакатларида кечаётган таҳликали ҳаёт болаларни отасидан, аёлларни севимли ёридан, оналарни фарзандларидан айираётган бир замонда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик неъмати ва Асосий қонун халқимизни янада жипслаштириб турганига эътибор қаратди. Янги Ўзбекистоннинг бахти бирлик ва жипсликда эканини мадҳ этувчи ижод намуналаридан ўқиб берди.
Тадбирда сўз олган халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб берилган таклифлар қонун лойиҳасида акс этгани тўғрисида ҳам тўхталишди. Ушбу ўзгаришларнинг аксарияти тадбиркорларимиз, фермерларимиз узоқ кутган, мулкдорлар қатлами учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлганини алоҳида эътироф этишди.
Чирчиқ давлат Педагогика университети ректори Ғафуржон Муҳаммедов эса Ўзбекистоннинг таълим ва интеллектуал ривожланиш даражаси бўйича дунёда энг юқори рейтингга эга 30 та давлат қаторидан жой олишини таъминлаш юзасидан кенг қамровли ҳаракатлар олиб борилаётгани хусусида тўхталди. Яқин йилларда ушбу улуғвор мақсадга эришиш O‘zLiDeP дастурида ҳам ўз ифодасини топгани, шунга мос равишда янгиланаётган Конституциямизда таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошаётганини алоҳида эътироф этди. Янги таҳрирдаги Конституцияда “Ҳар ким давлат таълим ташкилотларида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли” деган норманинг мустаҳкамланиши ушбу вазифани конституциявий даражадаги кафолатини таъминлашга хизмат қилиши муқаррар эканини таъкидлади. Мазкур қоида мазмунида давлат томонидан иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида доимий равишда танлов асосида давлат таълим ташкилотларида бепул олий маъулумот олиш ҳуқуқи кафолатланаётгани таҳсинга сазовор эканини айтаркан, мамлакатнинг ёруғ истиқболига бефарқ бўлмасдан, умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга чорлади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод янги таҳрирдаги Конституция фақат байрам куни эсланадиган ҳужжат эмас, китобча эмас, кўксида олиб юрадиган йўлчироқ, дастуриламал бўладиган Қомус эканини уқтирди. Ёшларни Она юрт тақдири, ўз келажагига бефарқ бўлмасдан, Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғвор маслак йўлида жипслашиб, референдумда муносиб иштирок этишга даъват этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сўзида тарихимизда илк бора Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб белгиланаётгани, яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи дея мустаҳкамланаётганига урғу бердилар. Давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар уч баробар кўпайтирилаётганини қайд этишди.
Тадбирга йиғилганларнинг барчасини умумхалқ овози якуний қарорни белгилаб берадиган ғоят муҳим сиёсий тадбирда фаол иштирок этишга чақирди.
Шунингдек, бир қатор профессор-ўқитувчи ва талабалар, спортчилар Конституциявий қонун лойиҳасига оид ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг ҳар бир моддаси инсон қадри учун хизмат қилишини бот-бот таъкидлашди.
Байрамона руҳда кечган тадбирда элимиз суйган таниқли хонандалар Тошпўлат Маткаримов, Анвар Ғаниев, Канизанинг ёшлик, муҳаббат ва она юрт мадҳини тараннум этган куй-қўшиқлари даврага кўтаринки кайфият улашди.
Тадбирда турли миллат ва элат вакилларининг юртимизда тотувликда баҳамжиҳат кечаётган осуда ҳаётни алқовчи рақслар, куй-қўшиқларни ўзида жамлаган дастурларий чиқишлари ҳам намойиш этилди.
Зуҳро МИРЗОҲАМДАМОВА,
O‘zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши
бўлим мудири.