2023 йилнинг 12 май куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда шу йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муддатидан илгари сайловда O‘zLiDePнинг иштироки ва партиянинг навбатдаги Съездида партиядан кўрсатиладиган номзод масаласи муҳокама қилинди.
Мажлисда O‘zLiDeP етакчи сиёсий куч сифатида, миллионлаб электорат ҳохиш-истакларини ва манфаатларини кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муддатидан илгари сайловда муносиб номзод билан иштирок этиши бўйича қарор қабул қилинди.
Мажлисда сўнгги йиллар давомида Давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилганлигига алоҳида урғу берилди. Биргина тадбиркорлик фаолиятини замонавий бозор муносабатлари талабларидан келиб чиқиб янада эркинлаштириш бўйича қатор ишлар бажарилгани, жумладан, тадбиркорлар фаолияти устидан турли текширувларга мораторий жорий қилингани, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан соддалаштирилгани, давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш, рақобатни қўллаб-қувватлаш орқали давлатнинг иқтисодиётга аралашуви чеклангани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бирга, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити яратилгани, натижада мамлакатимизда тадбиркорлар сони қарийб 2 миллионга етгани, тадбиркорлик субъектларида иш билан банд бўлганлар сони ҳам бир неча баробар ошгани, тадбиркорлар синфини кенгайтириш мақсадида 200 минг гектар ер майдонлари деҳқон хўжаликлари учун аҳолига бўлиб берилиши натижасида 700 мингдан ортиқ фуқаролар ўз ерларига эга бўлган тадбиркорларга айлангани, аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани, оилавий тадбиркорлик ривожлантирилгани партия Сиёсий Кенгаши аъзолари томонидан эътироф этилди.
Бундан ташқари, мамлакатимизда кексалар, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, саноатни кучайтириш, ҳудудларнинг иқтисодий-ижтимоий ўсишини таъминлаш, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш, умуман олганда инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш, одамларга муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш борасида эришилган ютуқлар таъкидланди.
Шунингдек, мажлисда мамлакатимизда эришилаётган ютуқлар нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак даражада эътироф этилаётганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу ютуқларнинг барчаси шубҳасиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси эканлиги эътироф этилди.
Шунингдек, мамлакат келажаги, шиддатли кечаётган давр талаби O‘zLiDeP зиммасига бўлажак Президентлик сайловида ушбу ислоҳотлар йўлидан бундан кейин ҳам қатъият ва собитқадамлик билан боришни таъминлай оладиган, жамиятни ислоҳ қилишдек машаққатли вазифани янгича, ўзига хос босқичда давом эттиришга қодир шахсни номзод этиб кўрсатиш лозимлиги таъкидланди.
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзолари бошланган ушбу эзгу ишларни бундан кейин ҳам давом эттиришга, халқимизни янгидан янги марраларга етаклашга муносиб ва қодир бўлган етакчи сифатида ўзининг бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнашига бағишлаган – Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиш масаласини навбатдаги партия Съезди муҳокамасига киритилишини бир овоздан қўллаб-қувватладилар.
Мажлисда, шунингдек, партия ҳудудий кенгашларидан Съездга вакиллик меъёри, Съездни ўтказиш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Мажлис якунида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши томонидан сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларда Марказий сайлов комиссиясига партиянинг сайловдаги иштироки билан боғлиқ ҳужжатларни ўз вақтида ва сифатли тақдим қилиш, жойларда партия съездига делегатларни сайлаш юзасидан O‘zLiDeP вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари конференцияларини ўтказиш ва бошқа зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди.
O‘zLiDeP матбуот хизмати/