Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри бўйича ишончли вакили Рустам Каланов Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети мажлислар залида Олмазор тумани сайловчилари билан учрашди.
Унда ҳудуд фаоллари, туман кенгаши депутатлари, фахрийлар, хотин-қизлар ва ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг ҳаёти, меҳнат фаолияти, бешта устувор мақсадни қамраб олган сайловолди дастури билан таништирди.
Хусусан, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, аҳолини тиббиёт тизимидан рози қилиш, ўртача умр давомийлигини ҳозирги 73 ёшдан келгусида 78 ёшга етказиш бўйича барча имкониятларни ишга солиниши, аҳоли ўртасида ижтимоий аҳамиятга молик касалликларни барвақт аниқлаш ва улар билан касалланиш кўрсаткичларини кескин камайтириш чораларини айтиб ўтди.
Шунингдек, 2030 йилга қадар оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш, онкологик, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробарга камайтириш аҳоли саломатлигини таъминлаш соҳадаги энг асосий вазифалардан бири бўлиши қайд этилди.
Учрашув якунида ишончли вакил барчани Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.