Маълумки, Италия технология, муҳандислик ва саноат соҳаларида жаҳонда етакчи ўринни эгаллайди ва ҳамкорлик учун катта қизиқиш уйғотади. Мамлакатларимиз географик жиҳатдан бир-биридан минглаб километр узоқликда жойлашгандек туюлиши мумкин. Шунга қарамай, кейинги йилларда икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. 1992 йилдан буён мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик ўрнатилди. 1997 йилда Ўзбекистон ва Италия ўртасида сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида сармояларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида шартнома имзоланди. 1998 йилда савдода энг кўп қулайлик режими ўрнатилди.
2017 йилдан бошлаб мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик янги ривожланиш босқичига қадам қўйди. Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,2 баробар ошди (2017 йилда 175,7 млн. доллардан 379,2 млн. долларгача). Шу даврда Ўзбекистоннинг Италияга экспортининг умумий ҳажми сезиларли даражада 2,2 баробарга (22,6 млн. доллардан 49,6 млн. долларгача), импортнинг умумий ҳажми ҳам 2,1 баробарга (153,1 млн. доллардан 329,6 млн. долларгача) ошди. 2022 йилда Ўзбекистоннинг Италияга асосий экспорт товарлари трикотаж матолари (25,6 млн доллар), кийим-кечак ва кийим-кечак аксессуарлари (6,6 млн доллар), рух (6,3 млн доллар), ип-калава (6 млн доллар) ва ишлов берилмаган тери хомашёси (2,4 млн доллар) бўлди. Италиядан импорт қилинадиган асосий товарлар машина ва ускуналар (155,6 млн. доллар), электр техникаси маҳсулотлари (49,5 млн. доллар), автомобиллар (10,4 млн. доллар), фармацевтика маҳсулотлари (11,4 млн. доллар), пластмасса (9,7 млн. доллар) ва металл конструкциялар (9,1 млн. доллар) эди.
Ўрнатилган ишончли муносабатлар кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорлик динамикасининг изчил ўсишига хизмат қилмоқда. Масалан, 2022 йилда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Милан университети ҳамда “CREA” қишлоқ хўжалиги маркази ўртасида меморандум имзоланган эди. Икки мамлакат олимлари узумчилик, ўсимликларни ҳимоя қилиш, боғдорчилик каби йўналишларда илмий лойиҳалар устида ишламоқда. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида Италиянинг “FinOpera” компанияси заъфарон плантацияларини яратиш билан шуғулланса, қурилиш соҳасида “Italmatec” компанияси билан ҳамкорликда уй қурилиши панеллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги кўп қиррали алоқалар амалга оширилмаган катта имкониятларга эга. Улар келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барча янги йўналишларини қамраб олади ва икки давлат иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади. Айнан шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Республикасига расмий ташриф билан келди.
Рим шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг музокаралари бўлиб ўтди. Етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, энг аввало, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашдилар. Афғон халқига манзилли гуманитар ёрдамни давом эттириш ҳамда махсус вакилларнинг маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Италиянинг маданий-тарихий меросига бағишланган кўргазма ташкил этишга келишиб олинди. Бундан ташқари, таълим, археология, экологик хатарларга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Йил бошидан мамлакатимизга келаётган италиялик сайёҳлар сони 5 карра кўпайди. Жорий йил апрель ойидан бошлаб Тошкент ва Милан ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани туристлар оқимининг ошишига хизмат қилади.
Шавкат Мирзиёев Италия Республикаси Вазирлар кенгаши Раиси Жоржа Мелони билан ҳам музокара ўтказди. Италия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва ишончли шериги экани, кейинги йилларда сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик фаоллашгани қайд этилди.
Жоржа Мелони Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳамда уларнинг муваффақиятига ишонишини билдирди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш асосий вазифа экани таъкидланди. Бир кун аввал ўтган бизнес форум давомида жами 9 миллиард евродан зиёд қийматга эга инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.
Бош вазир Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда шериклик, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади ҳамда “Италия – Марказий Осиё” ҳамкорлик форматини янада ривожлантиришга чақирди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Италия Республикаси Вазирлар кенгаши Раиси икки мамлакат ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилдилар. Етакчилар ҳузурида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 11 та давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларни алмашиш маросими ҳам бўлди. Ҳуқуқий масалаларда, саноат мулки ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимлар шулар жумласидан.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Шавкат Мирзиёевнинг Италияга расмий ташрифи ўзаро савдо, сармоявий, саноат кооперацияси, туризм алмашинуви, амалий фан ва технологиялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳиятдан фойдаланишга хизмат қилади. Хусусан, ўзаро савдо соҳасида Италияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик, мис ва мис маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш учун катта имкониятлар мавжуд.
Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган бозори Италия компаниялари, жумладан, кооператив муносабатларни кенгайтириш учун қизиқиш уйғотиши мумкин. Бундан ташқари, мамалакатимиз Италия компаниялари билан фармацевтика, кимё саноати, Ўзбекистон орқали Марказий Осиё минтақавий бозорларига ҳам чиқиши мумкин бўлган экологик тоза энергия учун ускуналар етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилишдан манфаатдор.
Буларнинг барчаси яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга хизмат қилиши керак. Бундан ташқари, Италия ва Ўзбекистон инновациялар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда ва Ўзбекистонда ёшлар стартапларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма дастурни ишга тушириш масаласини кўриб чиқмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистон жадал ривожланаётган иқтисодиёт, шунингдек, бой ресурс базаси ва мамлакатимизнинг ёш, жадал ўсиб бораётган аҳолиси мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда Италия бизнесига ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун кенг имкониятларни таклиф қилиши мумкин.
Актам ХАИТОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.