Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашди.
Тадбирни номзоднинг Бухоро вилояти бўйича ишончли вакили Самойдин Хусенов олиб борди. У Шавкат Мирзиёев бошчилигида вилоятда рўй берган улкан ўзгаришлар, одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун амалга оширилаётган халқчил ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари ҳақида гапирди.
Хусусан, сўнгги олти ярим йилда Бухоро вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот 1,5 баробарга кўпайиб, 46 триллион сўмдан ошган, аҳоли жон бошига 23 миллион сўмга етган. Вилоятда бизнес муҳити яхшилангани туфайли иқтисодиётга 60 триллион сўмдан зиёд хусусий инвестициялар киритилиб, 10 мингга яқин лойиҳалар ишга туширилган. Бунда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2,5 миллиард долларни ташкил этган.
“Оилавий тадбиркорлик” дастурлари доирасида 130 минг аҳоли тадбиркорликка жалб қилинган. 1 миллион аҳолининг бандлиги таъминланиб, 45 мингта оила камбағалликдан чиқарилган. Сўнгги йилларда имтиёзли ипотека кредитлари ҳажми 2,5 марта кўпайтирилиб, 20 минг оила уй-жойли бўлган.
Учрашувда Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурига мувофиқ вилоятни келгуси етти йилда ривожлантиришга қаратилган бешта стратегик мақсадни баён этди.
Аввало, одамлар учун муносиб турмуш шароитлари яратиш бўйича катта режалар тузилган. Жумладан, келгуси етти йилда 1,5 мингдан зиёд кўп қаватли уйлар қурилиб, 60 минг оила шинам уй-жойга эга бўлади. Вилоятда 7 минг километр йўллар ва 300 дан зиёд кўприклар таъмирланиб, 425 та маҳаллада йўллар ҳолати яхшиланади. 10 минг километр электр тармоқлари қурилиб, 1 мингта трансформатор янгиланади. Маҳаллабай тизим орқали 500 минг аҳоли бандлиги таъминланади.
Тиббиётни халққа яқинлаштириш, саломатликни муҳофаза қилиш мақсадида 50 та янги оилавий поликлиника ва шифокор пункти қурилиб, 200 таси тўлиқ таъмирланади. Юқори технологик тиббий хизматларга муҳтож эҳтиёжманд аҳолига бепул ёрдам кўрсатиш учун ҳар йили 200 миллиард сўмдан йўналтирилади. Бухоро давлат тиббиёт институти клиникаси кўп тармоқли тиббиёт марказига айлантирилади.
Номзоднинг дастурида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, келгуси етти йилда саноат ҳажмини ҳозирги 27 триллион сўмдан 110 триллион сўмга олиб чиқиш режалаштирилган. Тўқимачилик соҳасида сунъий толали маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгайтирилади. Қоракўл туманида метанолдан олефинлар олиш бўйича 2,7 миллиард долларлик йирик лойиҳа амалга оширилади. Туман ва шаҳарларда 30 та янги саноат зонаси, Бухоро шаҳрида электротехника саноати технопарки ташкил этилади.
Умуман, келгуси етти йилда умумий қиймати 17 миллиард долларлик 8 мингта саноат лойиҳалари амалга оширилиб, 120 мингта янги иш ўрни яратилади.
Бухоронинг туризм салоҳиятини оширишга ҳам катта эътибор қаратилади. Хусусан, 600 миллион доллар инвестиция ҳисобидан, Бухоро шаҳрида Халқаро туризм маркази барпо этилади. Тарих музейи ишга туширилади. “Тўдакўл” сув омбори ҳудудида замонавий соҳил туризми ташкил этилади. Бухоро халқаро аэропортида янги терминал қурилади. Бундай чоралар орқали вилоятга келадиган хорижий сайёҳлар сонини 5 миллионга, туризм хизматлари экспортини эса 1,5 миллиард долларга етказиш мўлжалланган.
Чўл ҳудудида жойлашган Бухорода ер ва сувдан оқилона фойдаланиш долзарб масала. Шу боис 150 километр каналлар реконструкция қилинади, 10 минг километр янги лотоклар қурилади. Шофиркон, Қоровулбозор ва Жондор туманлари ёпиқ қувурли суғориш тизимига ўтказилади. 200 минг гектар майдонда сув тежайдиган технологиялар жорий қилинади. Қишлоқ хўжалигига 800 миллион доллар инвестициялар жалб этилади. Бунинг ҳисобидан, маҳсулотлар экспорти 10 карра оширилиб, 300 миллион долларга олиб чиқилади.
Барча режалардан келиб чиқиб, вилоятни 2030 йилгача ривожлантириш дастури қабул қилинади ва унга жами 27 миллиард доллар йўналтирилади.
Номзод мактаблардаги шароитларни ва таълим сифатини яхшилаш масалаларига алоҳида тўхталди. 2030 йилга қадар мамлакатимизда қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрни яратиш зарурлиги қайд этилди. Шу мақсадда бу йилдан бошлаб “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни” дастури бошланади. Бунинг учун Мактаб инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси тузилиб, унга ҳар йили 1 миллиард доллардан маблағ йўналтирилади. Келгуси етти йилда барча мактаблар замонавий парта, компьютер ва лабораториялар билан жиҳозланади, иссиқ сув ва фильтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади.
Шунингдек, туманларда “Баркамол авлод” мактаблари тўлиқ тикланади. Олис ва чекка ҳудудлардаги мактабларга бепул автобус қатнови йўлга қўйилади.
2030 йилга қадар барча мактабларда Президент мактаблари ўқув дастури ва методикалари жорий қилинади. Муаллимларнинг ойлик маоши 2 карра оширилади ҳамда ҳафталик юкламаси 2 соатга камайтирилади.
Умуман, юртимизда мактаб таълимини ривожлантириш, муаллимлар шароитини яхшилашга 2030 йилга қадар қўшимча 10 миллиард доллар маблағ йўналтирилиши айтилди.