Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурилган фикрлар кенг жамоатчилик – маҳаллий ва хорижий экспертлар эътирофига сазовор бўлди
Бир қарашда у байрамона қутловга ўхшайди. Юзаки ёндашувчилар шундай ўйлаши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Аммо масала моҳиятига чуқурроқ назар солган киши тантаналар минбарида тилга олинган мулоҳазалар аслида “Вақтни – имкониятга, имкониятни – ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир” деган қутлуғ даъват ҳалқалари ўзаро чамбарчас боғланганини сезиши қийин эмас. Бинобарин, эзгу орзу-истаклар билан умргузаронлик қилаётган мард ва олижаноб, меҳр-оқибатли элимиз айни шундай халқ бўлиб майдонга чиқмоқда. Табрикнинг бошидан охиригача шу руҳ сақланиб қолгани янада муҳимроқ аҳамият касб этди. Бундан ташқари, “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” тарзида жаранглаган шиор тиллардан дилларга кўчиб акс садо бераётгани ҳам ҳақ сўз таъсирининг далолатидир.
Давлатимиз раҳбари нутқни ўттиз икки йил аввал туғилган гўдак бугун ўзининг мустақил фикри ва мақсадларига эга шахс сифатида вояга етгани сингари Ўзбекистон ҳам улкан тажриба орттириб, ўзининг аниқ йўли ва позициясига эга бўлган катта давлат сифатида шаклланганини таъкидлашдан бошлагани бежиз эмас. Бу, шубҳасиз, бутун халқимизнинг тарихий ютуғи экани инкор этиб бўлмас ҳақиқатга айланган.
Барчамизга яхши аёнки, Ватанимиз ўз суверенитетига осонлик билан эришгани йўқ. Шунинг учун ҳам Президентимиз олиб бораётган сиёсат юрт озодлиги йўлида курашган, ноҳақ айбланиб, бу дунёдан армон билан кетган ватандошларимизнинг пок номларини тиклашни назарда тутади. Сўнгги уч йилда уларнинг 856 нафари Олий суд томонидан оқлангани эса ана шундай оқилона сиёсат самараси ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг “Сиёсий мустақиллик замирида энг аввало иқтисодий мустақиллик ётиши ҳеч кимга сир эмас. Охирги йилларда амалга оширган ишларимиз, эришган натижаларимиз бу йўлда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда”, деган сўзларини O‘zLiDeP электоратининг салмоқли қисмини ташкил этувчи шижоатли тадбиркорлар, қишлоқ мулкдори саналган фермерлар илиқ кутиб олишди. Боиси, сўнгги қарийб етти йил ичида юртимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,5 мартадан зиёд, тадбиркорлик субъектлари сони 2 карра кўпайгани, саноатдаги ўсиш 40 фоиздан ошгани юқоридаги фикримизни яққол тасдиқлайди. Демак, партиямиз сафларидаги бир миллиондан кўпроқ фаолларимиз бугун билан кечаги кунни эмас, балки бугун билан эртанги кунни қиёслаган ҳолда жадал ҳаракат қилиш муваффақиятлар манзилига тезроқ элтишини яхши англаб етмоғи лозим деб ўйлаймиз.
Миришкор деҳқонлар ҳақида сўз кетар экан, экологик муаммолар ва сув танқислигини четлаб ўтишнинг иложи йўқ. Шу сабабли Президентимиз нутқида бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тарозининг бир палласида ўсиб бораётган қурилишлар, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги турган бўлса, иккинчи палласида ҳар биримиз учун энг зарур бўлган сувни тежаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи тургани юракларга етиб борадиган самимият билан очиб берилди.
Мувозанатни сақлаш учун сувни, энергия ва бошқа табиий ресурсларни тежайдиган иқтисодиётга тезроқ ўтиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги аниқ мисолларда кўрсатиб ўтилди. Инсоният охирги беш-олти йил мобайнида сўнгги юз йил давомида ўз бошидан ўтказиши мумкин бўлган барча синовлар билан юзма-юз келгани алоҳида таъкидланди. Бундай офатлар оқибатида “манаман” деган дарахтларнинг ҳам барглари узилиши, шохлари синиши, куртаклари тўкилиши, ҳатто мевалари нобуд бўлиши мумкин. Лекин илдизи мустаҳкам ва чуқур бўлган дарахтлар йиқилмайди. Аксинча, ерга ўша томирлари билан янада маҳкам боғланади. Қайта куртак ёзади, мевалар тугаверади. Бу – ҳаёт қонуни.
Бизнинг қадимий ва мустаҳкам илдизларимиз бор. Бу – бизнинг тарихимиз, қадрият ва анъаналаримиз, урф-одатларимиз, миллий ўзлигимиздир.
Мухтасар хулоса сифатида бир фикрни очиқ айтмоқчиман: Ер сайёраси дея аталадиган жаҳон айвонида катта-кичиклигидан қатъи назар, мамлакатлар кам эмас. Ўша давлатларнинг деярли барчасида ўз халқи томонидан сайланган ва халқ ишонган раҳбарлар бор. Санайман десангиз икки юздан кейин адаша бошлайсиз. Лекин, ҳақиқат шундаки, чинакам етакчиларни жамоатчилик тезда ажратиб олади. Халқимизнинг асрларни қаритган қадим ибораси билан айтганда, йўлбошчининг неларга қодирлиги унинг кучли идрокка таянган гап-сўзидан маълум. Шунинг учун бўлса керак, Президентимизнинг нуфузли минбарлардаги ҳар бир маърузаси пишиқ-пухталиги, узоқни кўзлаган ғоялари билан ўзига хос воқеликка айланмоқда.
Дунёнинг олис ва яқин мамлакатлари, айниқса, қўшни давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари бу ҳақиқатни фақат бугун англаётгани йўқ. Чунки ушбу сиёсат замирида дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш масаласи турибди.
Жамики саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз равнақи учун, ўз Ватанига садоқатли ҳар бир инсон қадри учун эканлиги мустақиллигимизнинг 32 йиллик тўйидаги нутқда яна бир бор эътироф этилди. Олдимиздаги вазифалар қанчалик улкан ва мураккаб бўлмасин, уларни биргаликда ҳал этишга кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етиши аниқ. Чунки биз энди кечаги одамлар эмасмиз. Халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.
O‘zLiDeP ҳам кечаги эмас, унинг кўп минг сонли аъзолари ва тарафдорлари ҳам ҳар томонлама фаолликка интилмоқда. Партиямизнинг бугунги ўзагини шиддатли ислоҳотлар муваффақиятини зиммасига олишга қодир шахслар ташкил этади. Модомики, сиёсий кучнинг барча фаоллари ягона мушт бўлиб бирлашган ҳолда Президентимиз белгилаб берган долзарб стратегик вазифаларни изчил амалга оширишимиз, ўз навбатида, электоратга берилган ваъдалар ижросини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Актам ХАИТОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.