Ижтимоий тармоқларда Янгийўл тумани ҳокими бошчилигида тегишли масъуллар, туман ҳудудида тадбиркорлик субъектларини, жумладан кафе ва ошхоналар фаолиятини рейд шаклида текширгани акс этган видео тарқалди ва тадбиркорлар, аксарият ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эътирозларига сабаб бўлди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси қонуний тадбиркорлик тарафдори ва ҳар қандай ноқонуний фаолиятни қоралайди.
Айни пайтда, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган ҳар қандай текширувлар ҳам қонун доирасида ва белгиланган тартибга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар мазкур қонунда белгиланган тартиботга қатъий риоя қилинган ҳолда назорат қилувчи органнинг қарорига биноан ваколатли мансабдор шахслар томонидангина амалга оширилиши белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, партиямиз маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш билан боғлиқ ҳатти-ҳаракатларда қонун талабларига қатъий риоя этишлари, прокуратура органлари эса, Янгийўл туманида тадбиркорлик субъектларида ўтказилган рейд текширувининг қонунларга мувофиқлиги юзасидан ҳуқуқий баҳо бериши лозим, деб ҳисоблайди.
O'zLiDeP матбуот хизмати.