Жорий йилнинг 13 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалари қумитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланган таҳрири муҳокама этилди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 августдаги Қарори негизида ишлаб чиқилган. Мажлисда ўтган қисқа давр ичида Миллий гвардия мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, аҳолини турли хатарларидан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан муҳофаза қилишга қодир муҳим органга айланганди Бу борадаги вазифаларни самарали амалга ошириш, жамоат тартибини сақлаш учун масъул бўлиш бу соҳа вакилларига ҳам қўшимча ҳуқуқий таъсир чорасини берувчи ваколат механизмлари жорий этилишини тақазо этади.
Бош прокуратура томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилиб, яқинда Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган ва иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланган ушбу Қонун лойиҳасида Жиноят-процессуал кодексида Миллий гвардияни суриштирув олиб бориш ваколатига эга бўлган, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар қаторига қўшиш белгиланмоқда.
Шунингдек, Жиноят кодекси 2501-моддасининг биринчи қисмида (божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари) ва 2591-моддасида назарда тутилган жиноятлар бўйича суриштирув Миллий гвардия суриштирувчилари томонидан олиб борилиши назарда тутилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Миллий гвардиянинг мансабдор шахслари томонидан бир қатор ҳолатларда, яъни 1851-моддада (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) ва 2101-моддада (ўта муҳим ва тоифаланган объектларга кириш-чиқиш режимини бузиш ёки ушбу объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиб, баённомани илова қилинадиган материаллар билан биргаликда кўриб чиқиш учун судга юборилишини белгилашга оид янги нормалар мустаҳкамланмоқда.
Қўмита йиғилишида иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланган қонун лойиҳаси барча сиёсий патияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда тегишли эксперт ва мутахассислар томонидан қўллаб- қувватланди. Яқин кунларда мазкур қонун лойиҳасини маромига етказиб, депутатлар муҳокамасига иккинчи ўқишда киритиш ҳақида қўмита қарори қабул қилинди.