Ўзбекистон Махсус комиссияси Суриядан олиб келинган 156 нафар Ўзбекистон фуқароси бўйича баёнот берди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўзининг Facebookʼдаги расмий саҳифасида маълум қилди.
Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан муқаддас Рамазон ойида савобли тадбир амалга оширилди.
Ҳеч кимга сир эмас, Сурия давлатидаги бўлаётган уруш жараёни, террорчилик ва экстремистик ҳаракатларга бир қатор бизнинг Ўзбекистонликлар ҳам аралашиб қолган. Лекин уларнинг ичида ўзи тушуниб-тушунмасдан, адашиб бориб қолган, экстремистик гуруҳлар фаолиятининг жабрини кўрганлар ҳам мавжуд.
Жорий йилнинг 30 май куни юртбошимиз раҳнамолигида 156 нафар фуқаролар, хусусан улардан 48 нафар аёл, 107 нафар бола курдларнинг лагеридан ўз Ватанига қайтаришга эришилди. Улар алдов йўллари билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар (Сурия) ҳудудига адашиб бориб қолган фуқароларимиздир.
Оғир ҳаётий даврни бошдан ўтказиб, Ватанга қайтган ҳамюртларимизга Ўзбекистон Ҳукумати реабилитация ва жамиятга қайта мослашишлари учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.
Хусусан, давлат раҳбари топшириғига мувофиқ Ҳукумат қарори билан Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида Махсус комиссия ташкил этилди ва Махсус комиссия таркибига кирган барча масъул вазирлик ва идоралар мутасаддиларга аниқ вазифалари белгилаб қўйилди.
Қайтарилган ватандошларимизга тегишли хизмат турларини кўрсатиш учун махсус комиссия таркибига Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Адлия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Маънавият ва маърифат маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Республика маданият марказидан тегишли раҳбар ва ходимлар жалб қилинди.
Республикага қайтарилган Ватандошларимизни ижтимоий реабилитация ҳамда соғломлаштириш мақсадида Тошкент вилоятида ҳудудидаги барча керакли шароитлар яратилган санаторийга жойлаштирилди.
Ватандошларимизга ва уларнинг оила аъзоларига ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ёрдам бериш мақсадида санаторийда барча масъул вазирлик ва идоралар томонидан уларга кун-у тун давомида (24 соат) кўмаклашиш учун вакиллар бириктирилди.
Санаторийнинг ўзида уларга тиббий ёрдам ва психосоциал кўмак бериш, шахсий ҳужжатларни тиклаш, бандлигини таъминлаш, таълим ва бошқа ижтимоий дастурларда иштирок этиш ҳамда ижтимоий нафақалар тўлаш чоралари кўрилмоқда.
Ватандошларимиз ўртасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилиб, уларнинг 30 нафарида ҳар хил касалликлар ташхисланди. Жумладан стационар даволанишга муҳтож 2 нафари касаллиги бўйича тегишли шифохонага жойлаштирилди, 3 нафар болалар учун санаторийнинг ўзида алоҳида кундузги стационар ташкил этилди. Қолганлари санаторийда умумий шароитда соғломлаштирила бошланди.
Ватандошларимиз ўзлари учун ажратилган хоналарга оила аъзолари билан бирга жойлаштирилди ва зарур барча шароитлар яратилди, шу жумладан, уйқу ва дам олиш хоналари, кўчма мактаб ва мактабгача таълим хоналари, болалар учун ўйингоҳлар, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминловчи ошхона ташкиллаштирилди.
Санаторийда яратилган шароитларни ўрганиш мақсадида халқаро ЮНИСЕФ ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Ҳелена Фрезер ташриф буюриб, яратилган шароитлар ва ташкилий ишларга юксак баҳо беришди.
Турли сабабларга кўра бегона юртларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларимизга уларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида эканликларини, давлат уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни қўллаши маълум қилишни бурчимиз деб ҳисоблаймиз”, - дейилади Махсус комиссия баёнотида.