Маълумки эртага, 23 август куни Олий Мажлис Сенатида йигирма биринчи ялпи мажлис бўлиб ўтади. Шу муносабат билан бугун 22 августда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева журналист ва блогерлар билан учрашди. Улар учун Сенатда медиа-тур ташкил этилди.
Суҳбат давомида Сенатнинг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти, асосий вазифалари ҳамда Сенат ҳудудлар манфаатларининг давлат миқёсида ифода этилишини таъминлаши ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг Сенат раиси томонидан “Сенат халқ манфаатларини қандай ҳимоя қилмоқда? деб номланган танлов эълон қилингани маълум қилинди.
Ушбу танловда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан телевидение, радио, матбуот, интернет нашрлари ходимлари ва блогерлар иштирок этиши мумкинлиги таъкидланди.
Танловнинг асосий мақсади Олий Мажлис Сенати, сенаторлар фаолиятига кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, “Сенаторнинг бир куни”, “Сенатнинг халқаро фаолияти”, “Сенатор сўрови натижалари”, “Сенат аралашуви билан ҳал бўлган масалалар”, “Сенат фаолиятидан ёрқин мисоллар”, “Сенатнинг жамиятдаги муносиб ўрни” каби мавзуларда репортаж, фоторепортаж, очерк, телеочерк, радиоочерк, таҳлилий материал, журналистик суриштирув, фельетон, телекўрсатув, радиоэшиттириш каби турли жанрларда материаллар тайёрлашдан иборатдир. Танлов жорий йилнинг 30 ноябрига қадар давом этади.