Бугун бўлиб ўтаётган Сенатнинг 21-ялпи мажлисида сенатор Улуғбек Сотиболдиев Ўзбекистоннинг коррупция рейтингидаги ўрни қониқарсиз эканини таъкдилади ва Бош прокуратурадан изоҳ сўради, дея хабар қилди "Хабар.уз".
Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон коррупция рейтинги бўйича «Transparency International» ташкилоти рўйхатида 158-ўринни эгаллаган ва бу яхши ҳолат эмас. Бу ташқи имиджга ҳам салбий таъсир этади.
«Аммо Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ вазиятни фақат ушбу ташкилот рейтинги билан баҳолаб бўлмайди. Президент ташаббуси билан бу муаммони енгишда катта ишлар қилиняпти. Бугун коррупционер ким бўлишидан, қайси лавозимда ўтиришидан қатъи назар жазосини олади. Коррупция шундай муаммоки, уни бирдан йўқ қилиб, томирини кесиб ташлаб бўлмайди. Бунинг иложи йўқ. Аммо халқнинг ҳуқуқий онгини ошириш йўли билан, ислоҳотларга қатъий амал қилиш орқали натижага эришиш мумкин. Прокуратура энди фақат жиноятчини ушлаб жазоламайди, балки жиноятга олиб келган сабабларин ўрганиб, уларга қарши курашади», — деди Бош прокурор ўринбосари.