Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 26 август куни Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди.
У ерда Президентимиз реконструкция қилишга оид таклифлар билан танишди.
- Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Масжидлар кенг ва маҳобатли бўлиши лозим. Деворларга саҳиҳ ҳадислардан лавҳлар ёзиб қўйилса, мажмуанинг мазмуни янада бойийди, ёшларга билим, маънавий озуқа беради. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ер. Бу масканга қанча зиёратчилар келсаям, қулай шароит бўлиши зарур, - деди Президент.
Шавкат Мирзиёев мажмуа реконструкциясини шошмасдан, чуқур ўйлаб лойиҳалаштириш, хориж тажрибасини ўрганиб, зиёратчиларга янада кўп қулайлик яратиш зарурлигини таъкидлади.
Мажмуадаги ишлар мамлакатимизда илм-маърифатни ривожлантириш, динга эътиқод қилувчиларга эркинлик ва шароит яратиш борасида навбатдаги хайрли қадам бўлади, дея хабар қилди Президент матбуот хизмати.