Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Таълим тўғрисидаги қонун қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати – Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Тошкентдаги мактабларда пуллик қабулни жорий қилиш тўғрисидаги қарор сабаб Халқ таълими вазирини кескин танқид қилди.
“Ижтимоий тармоқларга қарасангиз кун йўқки, таълим у ёки бу ҳолатдан муҳокама қилинмасин. 3-4 ой олдин мактабларни ҳам пуллик қилмоқчи бўлишди. Яна (таҳр. қарор) у ёққа бориб, бу ёққа келди. Вазир жаноблари (Шерзод Шерматов) Конституциянинг 41-моддасини ўқиши керак. Тошкентдаги 81 та мактабда 10 млн сўмдан пул олиб ўқитамиз деб, Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилишди. Одамлар навбатда турганди. Бир марта гапиргандим, бекор қилишди. Конституция деган нарса бор. Ўйлашимча, биринчи раҳбарларнинг ўзи Конституцияни яхшилаб ўқиб олиши керак. Таълимдаги пуллик ва бепул масаласи ҳамон очиқ турибди. Бу жудаям катта масала”, деди Акмал Саидов.
Депутат сўзида давом этиб, Ўзбекистонда таълим соҳасида “илдиз отиб кўкарган” коррупция масаласига тўхталиб ўтди.
“Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқда энг кўп муҳокамалар олий таълимда контракт учун тўланадиган пулнинг миқдори тўғрисида кетяпти. Бизда энг катта муаммо афсуски, таълим тизимимизда коррупциявий онгни шакллантирдик. Боғчадан бошлаб... Боғчадаги болангизнинг тарбиячисига туғилган куни, янги йил, 8 мартда совға қилмасангиз, айтади, анави бундай совға қилибди, деб. Бу нима деган гап?! Кейин мактабда, олий таълимда бошланади”, дейди депутат.
Олий Мажлис ялпи мажлисида Акмал Саидовдан бошқа депутатлар ҳам тўлов-контракт масаласида ўз эътирозларини билдирган. Улар контракт суммалари қайта кўриб чиқилишини таклиф қилди.