ЎзЛиДеП фаоллари инвсторларни қийнамаслик учун ягона ҳужжат ишлаб чиқилиши кераклигини таъкидлашмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Бекзод Артиков ягона Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқишни таклиф этди. У мазкур мавзуга бағишлаб ўзининг фейсбукдаги саҳифасида пост қолдирди.
Мамлакатимизга инвестиция киритишни режалаштирган хорижий инвестор тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари билан танишиш истагини билдирса, қанча вақт сарфлаши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Бунга, ушбу жараённи бошидан ўтказаётган тадбиркорлардан турлича жавобларни эшитиш мумкин. Потенциал инвесторга тадбиркорлик соҳасида ягона ҳужжат тақдим этолмаганлигимиздан умумий тушунчалар олиши учун "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги, "Чет эл инвестициялари тўғрисида"ги, "Чет эл инвестициялари ва чет эллик инвесторларнинг кафолатлари тўғрисида"ги, "Хусусий корхона тўғрисида"ги, "Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунларни ва бошқа ўнлаб қонун ости ҳужжатларини тавсия қиламиз. Лекин бу билан биз инвестордаги мамлакатимизга тезроқ инвестиция киритиб даромад олишга бўлган истаг ва хохишларини иккиланишга солаётганлигинимизни эсдан чиқараяпмиз чамамда. Шунга кўра ўзида нормаларни содда, лўнда ва тушунарли тарзда акс эттирадиган Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш вақти келди.
Ушбу вазифалар УзЛиДеПнинг олдида турган устувор йўналишдан бири ҳисобланади, деб ёзади депутат.
Партия ушбу ташаббусни аввал ҳам “Президент ғоялари билан келажак сари” шиори остида пойтахтимизда ўтказилган “Ўзбекистон фаол тадбиркорлари анжумани” форумида ўртага ташлаган.