Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев одамларни 5 суткадан қамашни буюргани, учта фирмага 300 миллион сўмдан жарима солишни буюрганини тан олди.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўтган ҳафта бошида ўтган селектор йиғилишида сўзлаган нутқининг аудио ёзуви жамоатчиликка ошкор бўлди. Ҳоким селектор йиғилишида Риштонда голограммасиз диний китоб сотаётган қўлга тушганларни 5 суткадан қамашни буюрган. Шунингдек, у ҳоким орқали судяларга ҳам топшириқ берган:
“Ички ишлар ва судяларни ҳам чақириб, ҳурматли ҳоким. Маҳалла фуқаролар раисини ҳам беш суткага жарима қилиб қамайсизлар. Бунақа маҳалла раиси ҳам керакмас, поспони ҳам керакмас. Риштоннинг хотин-қизлар қўмитасини ишдан олиб ташланглар”, дейди ҳоким.
Ҳоким рекламаларни танқид қилиш асносида учта реклама фирмасига 300 миллиондан жарима солдирганини айтган:
“Ҳозир уччовини чақирасан-да, тушунтириш хати олиб, уччала ташкилот ҳар бири 300 миллиондан 900 миллион сўм жарима соласан. Қонуний жарима соласан", дейди вилоят ҳокими.
Аммо бу ўринда жарима солинишида суд ҳукми бор бўлиши кераклигини тилга олмаган.
Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 19-моддасида “Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас”, деб алоҳида белгилаб қўйилган.
Шунингдек, бош қонуннинг 106-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади”, деб кўрсатилган.