O‘zLiDePни жиғига тегиш, уни асоссиз танқид қилиш ҳисобига обрў орттиришни мақсад қилиб олган Bayonoff.uz (t.me/bayonoff) каналида «Қуруқ қошиқ оғиз йиртар»: O‘zLiDeP раҳбари икки интервьюдан кейин борини ҳам йўққа чиқарди(ми?) деб пост ёзибди.
O‘zLiDeP раиси Актам Хаитовнинг «Kun.uz» мухбири саволига ХДПни рақиб партия деб билгани Миллий тикланиш партиясига ёқмади шекилли. Фикримизча, МТДПни рақиб дейишини кутган эдими? МТДПни O‘zLiDePга рақиб сифатида майдонга чиқишига ҳали анча эрта, деб ёзади O‘zLiDeP матбуот хизмати.
Асос дейсизми? Бугунги кунда асосан ижтимоий тармоқларда фаоллик қилиб, реал ҳаётда халқ орасига киришни унутиб қўйган МТДПни сайловларда қанча аҳоли қўллаб қувватлаши мумкин? Агар ижтимоий тармоқлар сайловчиларнинг кўпи билан 7-8 фоизини қамраб олишини, уларнинг ҳам аксарияти асосан O‘zLiDeP электорати бўлмиш тадбиркорлар позицияси кучли бўлган Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларимизга тегишли эканлигини ҳисобга олсак, уларнинг Bayonoff каби аскарлари билан тинимсиз чиқарётган пайдар пай материалларининг таъсир доираси қанчалик чекланганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Ваҳоланки сайловлар тақдирини айнан ҳудудлар ҳал қилишини МТДПчилар англамаяпти шекилли. Ҳудудларда эса бу партиянинг аҳволи енгилроқ айтганда ўзига яраша. Буни МТДП раҳбари “Халқ сўзи” газетасининг жорий йил 6 сентябрдаги сонида чоп этилган мақоласида “Тан олиш керак, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловларда иккинчи партия эканлигимиз билан қониқиб, вилоят ва туман кенгашларида талаб даражасида шаклланмаганмиз. Ваҳоланки, ҳар қандай партия халқ ишончини қуйидан излаш керак. Шундагина муваффақият ва сайловчининг ишончи бардавом бўлиши мумкин” деб партиянинг ҳудудлардаги аҳволига очиқ баҳосини бериб бўлган. Сайловларгача қолган қисқа вақт ичида эса бу вазиятни ўнглашнинг имкони йўқ. Фақат ижтимоий тармоқлардаги фаоллик эса реал вазиятни ўзгартиришга имкон бермайди, МТДП эса ўша ўша “виртуал партия”лигича қолаверади. Бундай шароитда ҳудудларда ўз тизими билан O‘zLiDePга қарши тура оладиган, демакки сайловларнинг натижасига даҳл қила оладиган бирдан бир рақиб ХДП. O‘zLiDeP буни яхши тушунади ва ўз сайлов стратегиясини айнан мана шу реалликдан келиб чиққан ҳолда шакллантирган. Мана сизга жавоб, жаноб Bayonoff.
Иш ўринлари ҳақида ҳам А.Хаитов мутлоқо ҳақ, чунки, тадбиркорликни йўлга қўйилишини ўзиёқ иш ўрни яратиш деганидир. Бугун яратилаётган иш ўринларининг салмоқли қисми хусусий секторга тўғри келаётганлиги, аҳоли бандлигини таъминлашнинг энг мақбул йўли хусусий секторни ривожлантириш орқали таъминланади. Бундан ташқари O‘zLiDePнинг Дастури ва Сайловолди дастурида ҳам иш ўринларини яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу маънода бу масалада ҳам А.Хаитов ҳақ.
Тирноқ орасидан кир қидириш қабилида Bayonoff “Пул бор-ку, узр, тадбиркор бор-ку! Агарда, бу фикрлари ҳам партиянинг яна ўша котибият мудири қаламига мансуб бўлса, айтар гапимиз битта: у кишининг «кассета»ларини янгилаш керак” деган жумла ишлатган. Майли у O‘zLiDePнинг барча ходимлари бир жамоа сифатида фаолият юритишини билмасдир. Лекин бу жумлани у МТДПдан олаётган “гонорари” эвазига қилиши лозим бўлган пиари учун хижолатчиликдан ёзилган деб ачиниш мумкин. Ёки юқоридаги гап, унинг ҳуқуқий билимидаги оқ доғлар, ҳуқуқий маданият масаласида жиддий муаммо борлигидадир. Гапимизга асос шуки, агар у (Bayonoff жаноблари) ҳеч бўлмаса, Конституциямизнинг 29-моддасидаги “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга” деб белгиланган конституциявий нормани билганида эди, ўзгани фикр билдириш эркинлигига, яъни, у котибият мудири бўладими, бошқами ўйлаб муносабат билдирган бўларди. Асло котибият мудири ўзининг функционал вазифалари ҳақида ёзсин, деб унга “ўзбошимчалик” билан чеклов ўрнатишга уринмаган бўлар эди.