Аввалроқ сайтимизда “Ўзбекистон” телерадиоканалида эфирга узатиладиган “Муносабат” кўрсатувининг навбатдаги сонида барча 5 та партия вакиллари иштирокида дебат бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
Унда Миллий тикланиш партияси вакили уларнинг партияси инсонни ўзгартириш, тадбиркорнинг маънавиятини ўзгартириш орқали хизмат кўрсатиш соҳасини такомиллаштиришни таклиф қилаётганини айтгани хусусида ёзилган эди. Шунингдек, вакил дастурда агар тадбиркор манфаатни ўйласа, фойда кўришни ўйласа унда жамиятимиз ривожланмаслиги хусусида ҳам айтган эди. Унинг ушбу фикрига ЎзЛиДеП вакили Нодир Жумаев қуйидагича жавоб берди.
“Чиройли гапирдингиз. Биз тадбиркор маънавиятсиз бўлсин деяётганимиз йўқ, албатта маънавият керак. Лекин тадбиркорлик бўлмас экан, тараққиёт бўлмайди. Ҳамма оч-наҳор, ишсиз бўладиган бўлса ким маънавият ҳақида ўйлайди? Биз ҳаммани иш билан таъминлаш, фаросатини ошириш орқали албатта маънавиятни ошириш сари қадам қўяпмиз”.