Бош прокуратура қолипли нон нархининг ошиши юзасидан расмий баёнот берди

Бош прокуратура қолипли нон нархининг ошиши юзасидан расмий баёнот берди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қолипли нон нархининг ошиши юзасидан расмий баёнот берди. Қуйида матбуот хизмати томонидан эълон қилинган баёнот матнини ҳавола қиламиз.

"Юртимизда давлатнинг иқтисодиётга аралашувини янада камайтириш, дон ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасига ҳамда ун нархларини шакллантиришга тўлақонли бозор муносабатларини жорий этиш чораларини кўриш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, бунда, айниқса, қолипли нон сифати ва нархининг ҳаммабоп бўлиши, нарх сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 14.10.2019 йилдаги “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 866-сонли Қарори билан 2019 йил 15 октябрдан “Ўздонмаҳсулот” АЖ тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилиши белгиланди.

Бу эса, маҳаллий дондан тайёрланган ун ва қолипли нон нархининг табиий ошишига олиб келиб, ўз навбатида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Таҳлиллар қолипли нон нархининг кескин ошишига қуйидаги омиллар сабаб бўлаётганлигини кўрсатмоқда:

1. Давлат томонидан дон ва ун сотиб олиш нархини сунъий равишда ушлаб туриш сиёсатидан воз кечилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 866-сонли қарорига мувофиқ, “Ўздонмаҳсулот” АЖ корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган ун ва қолипли нон нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар ва уларнинг стратегик турлари рўйхатидан чиқарилди.

Бунга қадар, аҳолининг унга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун давлат томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилардан ғаллани паст нархларда сотиб олиш механизми амал қилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг ҳар ойлик баёни асосида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ёпиқ биржа савдолари орқали маҳаллий буғдой уни сотиб келинган.

Оқибатда фермерлар ва дон корхоналарининг иқтисодий зарар кўриши, улар моддий-техника базаларини яхшилай олмасликлари, ҳосилдорликни оширишга бўлган рағбатнинг тушиб кетишига олиб келди.

Маълумот учун: давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинган ғалла нархи 2017 йилда – 550, 2018 йилда – 750, 2019 йилда эса – 1420 сўм этиб белгиланган.

Кўп йиллар давомида амал қилиб келган мазкур тизимдан кўзланган асосий мақсад аҳолини арзон нархли қолипли нонга бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборат бўлиши билан бирга, турли коррупциявий схемаларнинг вужудга келишига, арзон нархларда сотиб олинган ундан қолипли нон ишлаб чиқармасдан унни бозорларда сотиш орқали мўмай даромад олинишига, маҳаллий уннинг аҳолига қатъий ўрнатилган давлат нархларида етиб бормаслигига олиб келган.

Биргина, “Оҳангарон дон” АЖ бошқаруви мансабдор шахслари томонидан 2011-2018 йиллар давомида аҳоли эҳтиёжлари учун қолипли нон ишлаб чиқарилиши лозим бўлган жами 18,6 млрд сўмлик ун ва дон маҳсулотлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.

Ушбу ҳолат юзасидан айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган.

Шунингдек, “Қорақалпоқ дон маҳсулотлари” АЖ мансабдор шахслари томонидан 2018-2019 йиллар давомида ҳар бир қопи 87.5 минг сўмдан сотилиши белгиланган 6 134 қоп ун маҳсулотларини 110 минг сўмдан, жами 674,7 млн. сўмга сотиб, 138 млн. сўм пул маблағларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги ҳолати юзасидан 17.10.2019 йилда қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2. Ёқилғи, энергетика ва газ нархининг йилдан-йилга ошиб бориши ишлаб чиқарилаётган ун ва нон тан нархи қимматлашувига олиб келмоқда. Хусусан, 2017 йилда ун ишлаб чиқарувчи корхоналарга 1 кВт соат электр энергияси нархи 204,3 сўм этиб белгиланган бўлса, 2019 йилга келиб 450 сўмни (120,4 фоизга ошган) ташкил қилмоқда.

3. “Ўздонмаҳсулот” АЖ корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган ва биржа савдоларига қўйилган ун ҳажми истеъмолчилар талабига мутаносиб эмас. Республика аҳолисининг 2018 йилда ун маҳсулотларига бўлган йиллик талаби 3,2 млн. тоннани (бир ойлик 267 минг тонна) ташкил қилиб, республикада 2,9 млн. тонна (92%) ун ишлаб чиқарилган (1,5 млн. тоннаси “Ўздонмаҳсулот” АЖ, 1,4 млн. тоннаси хусусий ишлаб чиқариш корхоналари).

Ёки, жорий йилнинг ноябрь ойи учун биржа савдосига қўйилган ун миқдори 144 минг тоннани (аҳоли эҳтиёжининг 54%) ташкил этиб, истеъмолчиларнинг унга бўлган 123 минг тонна (46%) қўшимча эҳтиёжлари хусусий корхоналар томонидан ун ишлаб чиқариш, шунингдек, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва бошқа давлатлардан импорт қилиш ҳисобига таъминланмоқда.

4. “Ўздонмаҳсулот” АЖ таркибидаги мавжуд 44 та корхонанинг ўртача йиллик қуввати 2,3 млн. тонна ун ишлаб чиқаришни ташкил этсада, корхоналар тўлиқ қувватда ишламаётганлиги сабабли 2018 йилда 1,4 млн. тонна (63%) ун ишлаб чиқарилган. Оқибатда, “Ўздонмаҳсулот” АЖ корхоналари томонидан биржа савдоларига қўйилиши режалаштирилган ун ҳажми тўлиқ таъминланмаяпти.

Жумладан, жорий йил 23 октябрь куни жадвал асосида биржа савдоларига қўйилиши режалаштирилган кунлик 6700 тонна ун ўрнига 5785 тонна ун (86%) савдога қўйилган. (24 октябрь куни режага нисбатан 716 тонна,
29 октябрь куни 803 тонна, 30 октябрь куни 792 тонна кам ун қўйилган).

5. “Ўздонмаҳсулот” АЖ томонидан ун ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг харажатларини 18,9 млрд. сўмга мақбуллаштириш ҳамда маҳсулот таннархини 10,3 фоизга арзонлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлсада, амалда ун таннархининг арзонлашиши таъминланмаган.

Юқорида келтирилган омилларнинг барчаси биржа савдоларида маҳаллий ун ва қолипли нон нархининг ошишига олиб келган.

Шу билан бирга, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотларда фуқароларни моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунга кўра, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимояси манзиллигини таъминлаш мақсадида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун ёшга доир ва ногиронлиги бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, 16 ёшгача ногирон бўлган болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа, шунингдек, белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдоридан кам пенсия олувчи ҳар бир пенсия олувчига, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан икки ёшгача бўлган болалар парвариши учун тайинланган нафақа ёки моддий ёрдам олувчи оилага бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси 50 минг сўм қилиб белгиланди" - дейилади баёнотда.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
Кеча, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
Кеча, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
Кеча, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » Бош прокуратура қолипли нон нархининг ошиши юзасидан расмий баёнот берди