БМТнинг жаҳон мамлакатлари фаровонлиги даражасини ўрганувчи маркази томонидан тайёрланган "Бахт индекси" рейтингида 156 та давлатдан Ўзбекистон 41 ўринни (2018 йил 44-ўрин, 2017 йил 47-ўрин) эгаллаган.
Бу кўрсаткич яхшими ёки ёмонми? Инсоннинг бахтли бўлиш омиллари нима?
Менинг фикримча, яшаш шароитининг яхшилиги, барқарор даромад, тиббиёт, таълим хизматларидан фойдаланиш, ўзи хоҳлаган ахборотларга эга бўлиш, саёҳат қилиш ва бошқа шу каби хизматлардан фойдаланиш имкониятларига эга бўлишдир.
Юқорида санаб ўтилган “инсонларнинг бахтли бўлиш омиллари” иқтисодиётда хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланиши билан боғлиқ.
Яққол далил, "Бахт индекси" рейтингида биринчи 10 талик давлатларда (Финландия, Дания, Норвегия, Исландия, Нидерландия, Швейцария, Швеция, Янги Зелландия, Канада, Австрия) хизмат кўрсатиш ҳажми ЯИМ таркибида 55-80 фоиз ҳисобига тўғри келади.
Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 35,6 фоизни ташкил қилади. Агар инсонларнинг бахтли бўлиш даражаси шунга боғлиқ бўлса, аҳолимизнинг янада бахтли яшашлари учун хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масаласини устувор вазифа сифатида қўйишимиз мантиқан асосли бўлади.
Статистик маълумотларга кўра, 2018 йил якуни бўйича хизматлар таркибида транспорт хизмати 29,3%, савдо 26,3%, молия хизматлари 14,1%, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 6,8%ни ташкил қилиб, бошқа йўналишларга нисбатан устуворлик касб этган.
Яшаш ва овқатланиш 3,1%, кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар 3,3%, таълим 3,6%, шахсий хизматлар 2,5%, ижара хизматлари 2,2%, архитектура соҳасидаги хизматлар 2,0% ҳисобига тўғри келган бўлса, соғлиқни сақлаш ва бошқа хизматларнинг улуши анча паст.
Хизматлар соҳасида транспорт хизматлари энг юқори улушга эга бўлсада, сифат ва нархлар бўйича анча муаммолар кўп. Шу билан бирга, рухсат бериш соҳасидаги мураккабликлар ушбу йўналишда норасмий фаолият юритаётганлар сонининг ошишига сабаб бўлмоқда.
Савдо соҳасида ҳам бу каби муаммоларнинг мавжудлиги учун хизмат кўрсатиш сифати талабга жавоб бермайди. Маҳсулотни сотиш санъати ва маркетинг ёндашуви бўйича ишларни ташкил қилишга саноқли тадбиркорлар эътибор беради холос.
Молия-банк соҳасида эса қайта молиялаш ставкасининг юқорилиги, кредит ресурсларининг қимматлиги ва банкларда ресурслар тақчиллигини қайд этиш лозим.
Алоқа ва ахборотлаштириш йўналишида эса интернет тезлиги, нархи ҳамда қамрови нуқтаи назардан қўшни давлатлар билан солиштирилганда жорий ҳолат ижобий эмас.
Бу каби муаммоларни хизмат кўрсатишнинг бошқа соҳаларида ҳам узоқ давом эттириш мумкин.
Соҳани ривожлантириш, инсонларни фаровон ҳаёт кечиришлари учун O‘zLiDeP сайловолди дастурида айнан шу масалани ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида қўймоқда ва бир қатор ишларни амалга оширишни кўзда тутган.
Биринчидан, хизмат кўрсатиш соҳаси субъектларини ташкил қилиш, фаолиятни юритиш, айрим турдаги фаолиятларга рухсат бериш билан боғлиқ хужжатларни танқидий хатловдан ўтказиш орқали соддалаштириш ва тадбиркорлар учун қулай шаклга келтириш.
Иккинчидан, алоқа ва ахборотлаштириш ҳамда молия хизматларини кенгайтириш орқали рақамли иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш ва иқтисодиётда молиявий ресурлар ҳажмини ошириш.
Учинчидан, савдо соҳасига янгича техологияларни жорий этиш орқали ишлар ва хизматларни “сотиш санъати”ни ривожлантириш.
Тўртинчидан, иқтисодиётда хизмат турларини кескин даражада кенгайтириш, янги маҳсулотларни яратишни рағбатлантириш учун халқаро тажрибаларни ўрганиш ва ҳаётга тадбиқ қилишнинг қулай тизимини яратиш.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш энг аввало аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадларини оширишга, қолаверса, халқимизни бахтли яшашига хизмат қилади.
Бахтиёр Рухитдинов
O‘zLiDeP Сиёсий кенгаши
Ижроия қўмитаси бўлим мудири
O‘zLiDeP Сиёсий кенгаши
Ижроия қўмитаси бўлим мудири