Сайлов жараёнида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказишнинг ҳуқуқий асослари

Сайлов жараёнида овоз беришни ташкил этиш  ва ўтказишнинг ҳуқуқий асослари
Дунёдаги энг муҳим демократик жараёнлардан бири – бу сайловлардир. Ўтказилаётган ҳар бир сайлов жамият ҳаётининг эртасини белгилаб беришда беқиёс ўрин тутади. Чунки эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини демократик сайловларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Сайловлар жараёнида ҳар қайси давлат ва ҳар қайси жамиятда хилма-хил фикрлар, одамларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий кайфияти яққол намоён бўлади.

Сайлов ўзига хос мураккаб жараён бўлиб, бир нечта муҳим босқичлардан иборатдир. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ, сайловга тайёргарлик кўриш; сайлов округлари ва участкаларини тузиш; сайловчиларнинг руйхатларини шакллантириш; сайлов компанияси бошланганлигини эълон қилиш ва сиёсий партиялар томонидан номзодларни кўрсатиш; сайловолди ташвиқоти каби жараёнлар шулар жумласидандир.

Бироқ сайловларда овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш алоҳида аҳамият касб этади. Негаки, ушбу жараён сайлов натижаларига бевосита таъсир кўрсатиб, унинг адолатли ва шаффофлигини таъминлаш борасидаги энг муҳим жараён ҳисобланади.

2019 йилнинг 26 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида кўплаб муҳим масалалар сингари сайловда овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш жараёни ҳам Кодекснинг 10-бобида батафсил белгиланди.

Сайлов кодекснинг 49-моддасига мувофиқ, овоз бериш бинолари махсус ажратилган жойлар бўлиб, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланиши, сайлов бюллетенларини бериш учун жойлар ажратилиши ҳамда сайлов қутилари ўрнатилиши керак. Сайлов қутилари овоз берувчилар уларнинг ёнига албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари орқали ўтиб келадиган қилиб ўрнатилиши зарур.

Амалдаги қонунчиликка кўра, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бинолар ва жиҳозларни сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туриши шарт. Лозим бўлган даражада жиҳозланган овоз бериш бинолари сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн бир кун олдин тақдим этилиши керак.

Сайлов кодексининг 51-моддасига мувофиқ, овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий кисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан махрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган сайлов участкаларида сайлов қутиларини соат 20.00 дан олдин очиш
ва овозларни санаб чиқишга йул қўйилмайди.

Сайлов жараёнида сайловчининг шахсини аниқлаш ва “бир фуқаро – бир овоз” тамойили асосида овоз беришни ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади. Сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

Бирон-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилияси кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари сайловчининг шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.

Сайловчи сайлов бюллетенини олгач уни яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради. Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга хақли, бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно. Мазкур норманинг мавжудлиги сайловларнинг адолатли ва шаффоф тарзда ўтишини таъминловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки « » ёхуд «х» белгисини қўяди. Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши ва бекор қилиниши (юқори чап бурчагини кесиш йули билан) лозим ҳамда алоҳида сақланади.

Амалдаги Сайлов кодексида сайловчининг турган жойида овоз бериш тартиби алоҳида назарда тутилган. Унга мувофиқ, айрим сайловчилар соғлигининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади.

Тегишли комиссиянинг камида икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига юборилади, улар сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди. Бунда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин.

Ушбу норма сайловга доир халқаро стандартларнинг миллий қонунчилигимизда ифода этилаётганлигидан далолатдир. Хусусан, “Фукаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халкаро Пакт”нинг 25-моддасига мувофиқ, ҳар бир фуқаро ҳеч бир камситишларсиз
ва асосланмаган чеклашларсиз:

а) ҳам бевосита, ҳам эркин сайланган вакиллар орқали давлат ишларини бошқаришда қатнашиш;

б) ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш орқали ўтказиладиган сайловларда овоз бериш ва сайланиш борасидаги ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиши лозим.

1994 йилги “Эркин ва адолатли сайловлар принциплари тўғрисидаги Париж Декларациясининг 2-банди 1-хатбошида “Ҳар бир вояга етган фуқаро сайловда ҳеч қандай камситишсиз овоз бериш ҳуқуқига эга” эканлиги қайд этилган.

Ҳар бир фуқаронинг сайлов жараёнларида иштирок этишини таъминлаш мақсадида сайлов қонунчилигимизда бир қатор демократик нормалар назарда тутилган. Хусусан, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчига муддатидан олдин овоз бериш имконияти яратиб берилади.

Муддатдан олдин овоз бериш нима дегани? Сайлов кодексининг 57-моддасига кўра, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари оркали етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси хозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.

Сайловчи тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва овоз берувчининг имзоси билан тасдиқданади.

Кўплаб хорижий давлатлар, хусусан, Австралия, АКШ, Канада, Финландия, Ирландия, Норвегия, Беларусь, Украина, Россия, Германия, Швеция ва Швецария каби давлатларда ўтказиладиган сайловларда муддатидан олдин овоз беришга рухсат берилади.

Овоз бериш тугагач, участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари овоз бериш тугаганлигини комиссиянинг барча аъзолари, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида эълон қилади.

Овозларни санаб чикиш натижалари участка сайлов комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилади ҳамда раис, раис ўринбосари, котиб, сайлов комиссиясининг бошқа аъзолари томонидан имзоланадиган баённомага киритилади. Шундан сўнг баённома участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари томонидан ўқиб эшиттирилади ҳамда мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга дарҳол осиб қуйилади.

Сайлов кодексига мувофиқ сайлов комиссиялари сайлов кампаниясини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг Сайлов кодекс талаблари бузилганлиги ёки сайловни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши, ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар бериши, сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шарт.
Шу билан бирга, депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда таъкидлаш жоизки, ҳозирда халқимиз муҳим сиёсий жараён арафасида турибди. “Янги сайловлар – янги Ўзбекистон” шиори остида бўлиб ўтадиган мазкур сиёсий жараённинг адолатли ва шаффоф тарзда ўтиши, унда ватанпарвар, ўз соҳасининг чинакам фидойилари халқ томонидан эътироф этилишига ишонч билдирамиз.

Илёс ШАЙМАРДАНОВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва
парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Сиёсат » Сайлов жараёнида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказишнинг ҳуқуқий асослари