Кеча, 30 ноябр куни партия раҳбарлари ҳамда фаоллари иштирокида навбатдаги теледебат бўлиб ўтди. Унда таълим соҳасидаги муаммо ва камчиликлар муҳокама қилиниб унга партияларнинг муносабати билдирилди.
Дастурда журналист томонидан “ўқитувчилар қоғозбозликдан қачон қутилади? ” мазмунидаги саволга ХДП раиси Улуғбек Иноятов жавоб берди.
“Қисқа қилиб айтганда ўқитувчилик касби бу қоғозбозлик билан боғлиқ бўлган касб. Буни инкор этиб бўлмайди. У ўзининг устида ижодий фаолият олиб бориши шарт. У ёзиши, таҳлил қилиши, баҳолаши, ўқиши керак. Шунинг учун конкрет айтиш керак буни. Қайси қоғозлар? Бор йўғи учтагина ҳужжат бор. Ана шу ҳужжатни юритиши шарт. Бусиз иложи йўқ”, – деди раис.
Иноятовнинг ушбу фикрига дастур бошловчиси имконият туғилганда гапларини асослаб кетишга тўғри келишини, бўлмаса гаплари яна “мем”га чиқиб кетишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Иноятов 5 аъзоси бор оилага бир ойда 2,5 млн даромад етишини айтгандан сўнг ушбу фикр аҳоли ўртасида турли норозиликларга сабаб бўлган эди.
Улуғбек Иноятов 2011-2013 йилларда Тошкент давлат педагогика университети ректори, 2013-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ва 2018-2019 йилларда Наманган давлат университети ректори лавозимида ишлаган.