Аввалроқ Миллий тикланиш партияси раҳбари Алишер Қодиров Қозоғистонда автобусда тириклайин ёниб кетган ўзбекистонликларни танқид қилгани ҳақида ёзган эдик. У ўзини ҳурмат қилмаган одамгина 50 долларни тежаш учун ёниб кетиши аниқ бўлган автобусга ўтиради деб айтган эди.
Журналист Фахрулло Хамидуллаев сиёсатчининг сўзларига муносабат билдирди. Журналистнинг фикрича партия раҳбари халқ томонида туришнинг ўрнига монополияни ҳимоя қилмоқда.
“Алишер Қодировнинг партия раҳбари экани мамлакатда кадрлар танқислигини англатади. У халқдан жуда йироқ. Унинг учун 50 доллар унча катта пул бўлмаслиги мумкин, лекин қийинчилик нима эканини биладиган мигрант учун бу сезиларли маблағ. Қодиров авиакомпаниянинг космик нархларини танқид қилиш ўрнига мигрантларни танқид қилди. Ўша энг ўзини ҳурмат қилмайдиган одамлар мамлакатимизга миллиард долларлаб пул жўнатади. Қодировга ўхшаган сиёсатчилар ўзининг иш фаолиятида халқ учун ҳеч қандай фойдали иш қилмади. Бу менинг шахсий фикрларим холос, лекин ўйлайманки фикримга кўплар қўшилади”, – деб ёзади журналист ўзининг телеграм каналида.