Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 26 декабр куни Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейига борди. У ерда Президентимиз ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар билан мулоқот қилди.
Мулоқот давомида Президент шу йил 22 декабрда бўлиб ўтган сайловлар ва Ўзбекистоннинг йирик интеграцияларга қўшилиши ҳақида гапирди.
Президент сайловлар Ўзбекистон учун дунё ҳамжамияти олдида катта синов бўлганини таъкидлади.
“Ниятимиз шундайки иложи борича катта-катта интеграцияларга қўшилмоқчимиз. Ҳамма ҳар хил айтади мустақилликни бериб қўямиз... Ҳеч ким ҳеч қачон мустақилликни, ўзбек миллати, ким бўлишидан қатъий назар бермайди. Жилов ўзимизнинг қўлимизда. Биз бозор иқтисодиётида манфаат нуқтаий назаридан қайси йўл тўғрилигини ҳисоб китоб қилишимиз керак. Албатта энг катта ҳаракатимиз энг маъқул, тўғри, иқтисодий манфаат йўлига кирамиз. Ким билан боришимизни халқимиз билан маслаҳатлашиб қиламиз”, – деди давлатимиз раҳбари.