Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар ўзларининг окугларига бориб, аҳоли билан мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганмоқда.
Хусусан, Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов ҳам Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрига борди. Партия лидери у ерда таҳсил олаётган коллеж талабалари билан учрашиб, уларни ўйлантираётган масалаларни ўрганди ва уларга Президентимизнинг Мурожаатномаси мазмун-моҳиятни тушинтирди. Шунингдек, партия раҳбари шаҳарга ташрифи давомида у ердаги ҳунарманд, тадбиркор ҳамда ишбилармон аёлларнинг маҳсулотлари билан ҳам танишди.
Кўргазмадан сўнг Хаитов ёшлар ҳамда аёлларга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда Фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши ҳамкорлигида чоп этилган “Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, ёпиқ ва очиқ майдонларда маҳсулот етиштириш” номли китоблар тўпламини тақдим этди. Ушбу китоб шаҳрисабзлик Зулайхо Раҳимовага фойдали маълумотларни топишда ёрдам берди. Сабаби у кўпдан буён иссиқхона барпо этиб, лимон етиштириш ниятида юрган эди. Айнан ушбу китоб орқали ўзини қийнаётган саволларга жавоб топди.