Кеча, 14 февралда ТИВ вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов журналист ва блогерлар билан учрашувда соҳага оид барча саволларга жавоб берди. Бу ҳақда "Дарё" хабар қилди.
Хусусан, учрашувда бугунги Ўзбекистоннинг сиёсати ҳақида сўз юритилди. ТИВ вакили олиб борилаётган сиёсатни Германиянинг урушдан кейинги сиёсий ислоҳотларига қиёслади. Неъматов ўз дипломатик каръерасини айнан Германияда бошлаганидан мисол қилиб, у ердаги аҳволни шахсан кузатганини билдирди. Унинг айтишича Германия Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳамма эшикларни очиб қўйган. Шу сабабдан ҳам у ерга ҳамма келиб ишлаган ва бугунги натижага эришган. Ўзбекистон ҳам бугун барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар учун ҳам айнан шундай сиёсат олиб бораётгани таъкидланди.
Шунингдек, вазир ўринбосари мамлакатимиз қўшни давлатлар билан, хусусан Марказий Осиё давлатлари билан юзага келган 25 йиллик муз эриганини алоҳида таъкидлади.
Қўшни мамлакатлар билан алоқаларимиз юқори поғонага чиқди. Икки ва кўп томонлама манфаатли алоқаларимиз турли соҳаларда бир маромда ривожланиб боряпти, — деди Илҳом Неъматов.