Хабар қилганимиздек Бош вазир Абдулла Арипов кеча, 17 феврал куни “Human” ХБАдан зарар кўрганлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилди. Бош вазир учрашувда Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиш эҳтимоли ҳақида гапирди. Бу ҳақда “Дарё” хабар қилди.
Ариповнинг айтишича ҳозирда ушбу масала ўртага ташланган, унинг фойдали ва зарарли томонлари ўрганилмоқда. Унинг маълум қилишича бугунги кунда Россияда 2 млн 200 минг ўзбекистонлик ишламоқда. «Бундан бизнинг ҳам юрагимиз ачийди, биз ҳам ҳамма бағримизда бўлиб, мана шу ерда ишлашини хоҳлаймиз... Ҳозир янги-янги иш ўринларини яратяпмиз», — деди бош вазир.
Шунингдек, ушбу мигрантлар ҳар ой 100 долларга яқин патент тўлашга мажбур бўлаётгани таъкидланди. Бу эса ўза навбатида йилиги 1000 доллар пул тўланилаётганиини англатмоқда.
«Энди, агар Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўладиган бўлсак, тўғри, бу кимгадир ёқар, кимгадир ёқмас — ўзича сиёсатдонлар кўпайиб кетди: ‘Мустақилликни бериб қўямиз’, дейдиган. Кимга беряпмиз мустақилликни? Мустақилликнинг берилишини нимада кўряпсизлар, деб савол берадиган одамнинг ўзи йўқ», — деди Абдулла Арипов.
Ариповнинг таъкидлашича агар бизникилар учун патент бекор қилинадиган бўлса четда ишлаётган 2 миллион атрофидаги ўзбекистонлик учун йилда 2 млрд.га яқин пул тежалиб қолинган бўлади.
Бош вазир яқинда ушбу масала парламентга олиб чиқилишини маълум қилди.