Шу кунларда ЎзЛиДеП раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида бўлиб турибди. Гуруҳ таркиби депутатлар, партия ходимларидан ташкил топган. Ишчи гуруҳнинг вилоятдаги дастлабки манзилларидан бири Деҳқонобод тумани бўлди.
Гуруҳ аъзолари туман ҳокими қабулига келган фуқароларнинг муаммоларини ўрганди. У ерда уларни қийнаётган муаммолар - бандлик, ер кадастри, газ, ичимлик суви, йўл ва бошқа масалаларни ўрганди, баъзиларига шу ернинг ўзида ечим топилган бўлса, вақт талаб қиладиган муаммолар назоратга олинди.
Жумладан, “Деҳқонобод” МФЙда яшовчи Ибодат Неъматова партия кўмаги билан ўз устахонаси учун жиҳозлар олишга банкдан кредит олди.
Шунингдек, “Моҳмирза” фермер хўжалиги раҳбари Бозоргул Каримова чорва моллари боқиш учун яйловлар қисқариб бораётгани, тиббиёт коллежини битирган Меҳринисо Намозова иш топишда қийналаётгани ва Сабоҳат Бозорова узоқ йиллардан буён фарзандларига алимент пули ололмаётгани ва шу каби бошқа бир қатор фуқаролардан тушган мурожаатлар жойида ўрганилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Ишчи гуруҳи фаолиятини давом эттирмоқда, дея хабар қилди партия матбуот хизмати.