Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркияга ташрифи доирасида бугун, 20 февраль куни Анқара шаҳрида туркиялик ишбилармонлар билан учрашди. Учрашувда Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), «Гебзе» уюшган саноат зонаси, «Зираат» банки, «Зорлу холдинг», «Жошкуноз холдинг», «Экзачибаши», «Байкар», «Дунягоз», «Канимед саглик», «Бау глобал», «Хавелсан» каби қатор компаниялар вакиллари иштирок этди.
- Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Бугун мамлакатимизга кирган компания албатта манфаат топади. Мен бунга кафолат бераман. Бунинг учун зарур ҳуқуқий, институционал шароитлар яратиб берилади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Бугунги учрашувда Ўзбекистон билан Туркиянинг вазирлик ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш, клиникалар ва олий ўқув юртлари ташкил этиш бўйича аниқ лойиҳалар муҳокама қилинди. Президентимиз бу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга тез фурсатларда амалий ишларга ўтиш, бюрократик тўсиқларсиз уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича топшириқлар берди.
Учрашувда туркиялик ишбилармонлар ўтган йили Ўзбекистонга боргани, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўзгаришларга, одамларда «ислоҳотлар тафаккури»га гувоҳ бўлганини таъкидлади. Ўзбекистон бозорига кириш, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини билдирди.