Самарқанд шаҳрида МДҲ ташкилотига аъзо давлатлар чегара қўшинлари раҳбарларининг 5-минтақавий йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон республикалари делегациялари, шунингдек, МДҲ Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг Мувофиқлаштирувчи хизмати вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида МДҲга аъзо давлатларнинг Aфғонистон билан ташқи чегараларидаги вазият ва унинг яқин келажакдаги ривожланиш тенденциялари таҳлил қилинди. Хусусан, Aфғонистоннинг шимолий чегара ҳудудларидаги вазият юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, йиғилиш иштирокчиларнинг эътибори жангарилар назорати остидаги ҳудудларда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш кўлами ошиб бораётгани ва гиёҳвандлик воситаларини "шимолий йўналиш" бўйича Марказий Осиё минтақасидаги МДҲга аъзо давлатларнинг ташқи чегаралари орқали олиб ўтишга уринишлар бўлаётганига қаратилди.
Йиғилишда Ҳамдўстлик давлатлари ҳудудига халқаро террористик ва экстремистик ташкилотларга алоқадор шахсларнинг кириб келишига қарши кураш чоралари ишлаб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича Протокол имзоланди. Унинг тавсиялари 16 апрел куни Ереван шаҳрида бўлиб ўтадиган Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилади.