Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ахборот хизматин ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мақола юзасидан муносабат билдирди.
Жорий йилнинг 31 март куни “Ozodlik.org” интернет сайтида “Маҳбусларни қамоқда қийнагани ортидан қамалган “Палач”нинг афв қилиниш эҳтимолидан фаоллар ташвишда” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган.
Мазкур мақолада келтириб ўтилган важларга жавобан ИИВ ЖИЭББ Ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:
Навоий вилояти 11-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум Джумаев Нозим Нарзиевич муқаддам оғир турдаги жиноятларни содир қилганлиги учун 4 маротаба судланланиб, яна уюшган жиноий гуруҳ таркибида ўта оғир турдаги жиноятни содир этиб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Маҳкум Н.Джумаевга жазо муддатини ўтаётган бошқа маҳкумлар қатори Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия кодексида назарда тутилган шарт-шароитлар яратилган бўлиб, алоҳида имтиёзлар ёки маълум бир енгилликлар яратилмаган.
Маҳкум Н.Джумаев уюшган гуруҳ таркибида жиноят содир этганлиги сабабли, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида кўрсатилган, муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш билан боғлиқ бўлган инсонпарварлик далолатномалари қўлланилмайди.
Бундан ташқари, маҳкум Н.Джумаев жазо муддатини ўташ давомида мунтазам равишда белгиланган ички тартиб қоидаларни бузиб келганлиги сабабли унга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия кодексининг 112-моддаси талабларига мувофиқ сақлаш режимини ашаддий бузувчи – деб топилган. Навоий шаҳар судининг
2019 йил 2 октябрдаги ажримига кўра, унинг жазони ўташ тартиби ўзгартирилиб, қаттиқ тартибли колониядан 3 йил муддатга турма тартибига ўтказилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг авф этиш тўғрисидаги Фармон талаблари асосида жиноят содир этган шахслар авф этишни сўраб илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли, лекин маҳкум Н.Джумаев жазо муддатини ўташ давомида афв этиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилмаган.
Мақолада келтириб ўтилган, яъни Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги қамоқхона собиқ махбуслардан бири (исми сир қолишини истаган) Озодликка айтишича гуёки “диабет” касалига чалинган деган важ билан Н.Джумаевга Навоий вилоятидаги қаттиқ режимли 64/46 колонияда алохида яхши шароит яратиб берилганлиги ҳолати юзасидан қуйидагиларни таъкидлаш лозим.
Жиноят ижроия қонунчилигига мувофиқ, жазони ижро этиш колониялари умумий, қаттиқ, махсус ва турма тартибли муассасаларга бўлиниб, жазо ўташ шартлари бир биридан фарқ қилади ҳамда суд томонидан умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган маҳкумлар қаттиқ тартибли колонияларда жазо ўтамайдилар.
Шу сабабли, Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 5-сон колония умумий тартибли бўлиб, у ерда жазо муддатини ўтаган шахс 11-сон (64/46) қаттиқ тартибли колония тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлмасдан фикр билдирганлигини англаш мумкин.
Бундан ташқари, жазони ижро этиш тизим ходимлари жазони ижро этиш муассасаларига фақатгина ўз хизмат вазифаларини бажариш учун келиб, спорт машғулотлари ИИВнинг тегишли норматив ҳужжатларига мувофиқ ҳудудий ички ишлар органларида ташкил қилинган спорт майдончаларида ўтказилади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, адвокатлар ҳимоя остидаги шахслар билан учрашиш жараёнида электрон воситалардан (мобил телефон, фотоаппарат ва диктофон) фойдаланишлари мумкинлиги қатъий белгиланган бўлиб, мақолада ёритилган видео лавҳани маҳкум Н.Джумаев билан учрашувга келган адвокати томонидан тасвирга олинганлигини тахмин қилиш мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан, бугунги кунда Жазони ижро этиш бош бошқармаси томонидан суруштирув ишлари олиб борилмоқда, унинг натижасидан келиб чиққан ҳолда тегишли қарор қабул қилинади.
Шунингдек, текширув давомида спорт билан шуғулланаётганлиги кўринишдаги видео лавҳа, маҳкум Н.Джумаев озодликдан маҳрум қилингунга қадар тасвирга олинганлиги аниқланди.
“Ozodlik.org” интернет сайтида эълон қилинган мақолада ИИВ ЖИЭББ Ахборот хизмати ходими билан суҳбатлашганлиги ҳолати бўйича шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунга қадар Бош бошқарма Ахборот хизмати ходимига “Ozodlik.org” интернет сайти муҳбирлари бирор маротаба мурожаат билан чиқмаган.
Мақолада кўрсатилган ҳолатлар, ишончли манбага таянмасдан, бир томонлана ёндошган ҳолда ижтимоий тармоқларда эълон қилинганлиги натижасида фойдаланувчиларда Жазони ижро этиш тизими бўйича салбий фикрлар пайдо бўлишига сабаб бўлган.
Юқорида қайд этилганлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш бош бошқармаси мақолада келтирилган ҳолатларни қатъий равишда рад этади, - дейилади ИИВ муносабатида.